Эмомали Раҳмон «аср объекти» — Роғун ГЭСи қурилишига сарфланган харажатларни маълум қилди

asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Роғун ГЭСи қурувчилари олдида сўзга чиқиб, лойиҳага қанча маблағ йўналтирилгани ва бу ишга қўшимча маблағ ажратиш бўйича ҳукуматнинг халқаро ташкилотлар билан қандай келишувлари борлиги ҳақида гапириб берди. Давлат раҳбарининг нутқи унинг матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.

Раҳмон Роғун ГЭСи «аср объекти» деб эълон қилингани бежиз эмаслигини, чунки станция қурилиши ва унинг қувватларини тўлиқ ишга тушириш мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга эканига урғу берди. Унинг таъкидлашича, 2018-2019-йиллари ишга туширилган ГЭСнинг дастлабки икки агрегати томонидан шу кунгача 7,5 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, Тожикистон ягона тизимига юборилган.

Президентнинг сўзларига кўра, ўтган йили Роғун ГЭСидаги ишларни давом эттириш учун давлат бюджетидан 2,6 миллиард сомони (244,4 миллион доллар) ажратиш режалаштирилган. Шу билан бирга, жараённи тезлаштириш учун бу миқдорни икки баробарга оширишга қарор қилинган. Шундай қилиб, 2023 йили объект қурилишига 5,2 миллиард сомони (488,8 миллион доллар) сарфланган.

Бу йил ҳам худди шундай манзара кузатилмоқда. Дастлаб ғазнадан 2,8 миллиард сомони (263 миллион доллар) ажратиш режалаштирилган бўлса, тўққиз ой ичида давлат тегишли ишларга 3,5 миллиард (329 миллион доллар) сарфлаган.

Жами 2008-2024-йиллари Тожикистон Роғун ГЭСи қурилишига 42,5 миллиард сомони (тахминан 4 миллиард доллар) йўналтирган.

Бундан ташқари, республика ҳукумати томонидан лойиҳага қўшимча маблағ жалб этиш чоралари кўрилмоқда. Шу тариқа, Раҳмонга кўра, йирик халқаро ташкилотлар билан музокаралар якуний босқичда. Жаҳон банки 650 миллион доллар, Осиё инфратузилма сармоялари банки эса 500 миллион доллар миқдорида кредит ажратишга тайёр.

Шунингдек, Ислом тараққиёт банки билан 150 миллион доллар ва Саудия тараққиёт жамғармаси билан 100 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит тўғрисида шартнома имзоланган.

Яна 100 миллион доллар ГЭС қурилишини якунлаш учун бошқа ташкилотлар, жумладан, ОПEКнинг Халқаро тараққиёт жамғармаси, Қувайт тараққиёт жамғармаси, Абу-Даби жамғармаси ва Италия жамғарма ва траст фонди томонидан ажратилади.

Президент муайян соҳалардаги ишлар жадаллаштиришни талаб қилишини таъкидлади. Мисол учун, Италиянинг «Вибилд» компанияси томонидан амалга оширилаётган тўғон қурилиши. Режага кўра, 2025 йил август ойида объектни 1110 метрга, 2027 йил августида эса 1175 метрга кўтариш керак.

Раҳмоннинг айтишича, ГЭС лойиҳаси бошланганидан буён 12 йил давомида 3212 оила сув тошқини зонасидан кўчирилиб, янги уй-жой ва томорқа билан таъминланган. Давлат 882 миллион сомони (деярли 83 миллион доллар) уй-жой, тегишли инфратузилмани қуриш, шунингдек, Роғун яқинидаги сув босган ҳудудни тайёрлаш чора-тадбирларига сарфлаган. Шу билан бирга, электр тармоқларини кўчириш, подстанцияларни демонтаж қилиш, автомобиль йўллари, хусусан, Роғун-Обигарм-Нуробод автомобиль йўлини қуриш ишлари давом эттирилмоқда.

Республика раҳбари таъкидлаганидек, Роғун ГЭСи лойиҳасида ҳозирда 17 мингдан ортиқ ишчи ва муҳандислар меҳнат қилишмоқда, бир йилда ишчилар сони уч минг кишига ошган. Тўрт мингга яқин машина ва механизмлар жалб этилган.

««Роғун»жонажон Тожикистонимизнинг энергетик мустақиллиги, мустақил давлатимизнинг барқарор ва жадал ривожланиши, аждодларимиз Ватанини обод қилиш, энг муҳими, халқимиз турмуш шароитини яхшилаш йўлидаги улкан қадамдир», — дея хулоса қилди Раҳмон.
ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди