Толиблар ҳокимиятга келганидан буён Жаҳон банки Афғонистонга 1,7 миллиард доллар ёрдам кўрсатди

liter.kz сайти фотосурати

2021 йил август ойидан бошлаб, Афғонистонда «Толибон»* радикал ҳаракати ҳокимиятга келганидан бери Жаҳон банки бу давлатга 1,7 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратган. ToloNews шундай маълумотларни келтиради.

Халқаро молия институти вакиллари Афғонистондаги асосий лойиҳалар аҳоли турмуш фаровонлиги, соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги, инсон ҳуқуқларини кенгайтириш билан боғлиқ эканини таъкидлайди. Ташкилот ҳисоботида, шунингдек, давлат ҳокимияти органларига кўмак беришда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган. Таҳлилчилар фикрича, бу тенденция афғон оилалари фаровонлигининг иқтисодий ўсишига, қашшоқлик ва ишсизликнинг қисқаришига олиб келади.

Ўз навбатида, толиблар ҳукуматиниг Иқтисодиёт вазирлиги Жаҳон банки бир қатор лойиҳаларни якунламаганини таъкидлаб, ташкилотни ушбу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга чақиради. Вазирлик вакили Абдул Раҳмон Ҳабибнинг аниқлик киритишича, гап IТ инфратузилмаси, телекоммуникация, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳалардаги лойиҳалар ҳақида бормоқда. Бу йўналишда молиялаштиришнинг қайта йўлга қўйилиши қўшимча иш ўринларини яратиш ва бутун мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш имконини беради, дея қўшимча қилган мулозим.

Қайд этилишича, «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни ўрнатгач, кўплаб халқаро институтлар, жумладан, Жаҳон банки Ислом Амирлигига ёрдам миқдорини қисқартирган.

Бундай хатти-ҳаракатлар сабабларидан бири аёллар ва қизлар ҳуқуқларининг поймол этилаётганидадир. Масалан, яқинда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳам бу жиҳатга алоҳида тўхталиб, толибларни аёлларга нисбатан қўйилган чекловларни зудлик билан бекор қилишга чақирди.

Мазкур мурожаат Австралия, Канада, Германия ва Нидерландиянинг афғон ҳукуматига қарши гендер камситишлар борасида Гаагадаги Халқаро судга даъво аризаси билан мурожаат қилиш ниятида экани фонида янгради. Бунга жавобан «Толибон» вакиллари ўзларига қарши даъволарни рад этиб, мамлакатда барча фуқаролар, айниқса, қизлар ва аёллар ҳуқуқлари ҳурмат қилинаётганини таъкидлашди.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди