Жапаров Қирғизистонда яшовчи долларли миллиардерлар сонини айтди ва Ташиев ўғлини мақтади

Садир Жапаров. utrk.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда 5-6 нафар долларлик миллиардер ва 200 га яқин миллионер яшайди. Бу ҳақда мамлакат президенти Садир Жапаров «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.

Президентнинг сўзларига кўра, уларнинг кўпчилиги пулларини четдаги офшор компанияларда сақлайди.

«Шу мақсадда биз легаллаштириш қонунини қабул қилдик. Аммо ҳозирча улар пулларини мамлакатга тўлиқ қайтаришмаган. Маблағларни қисман қайтариб, қурилиш соҳасига киритаётганлар ҳам бор», — деди Жапаров.

Президент бой одамларни Қирғизистонга сармоя киритишга чақириб, иқтисодиёт ва давлатга фойда келтирадиган лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга ваъда берди. Жумладан, Жапаров «Тамчи» аэропорти рўпарасида меҳмонхоналар қуришни таклиф қилган. 90 гектар майдонда тўққизта беш юлдузли меҳмонхона қуриш режалаштирилган.

«Биринчисини қуриш аллақачон бошланган. Меҳмонхонани икки йилдан кейин фойдаланишга топширишни талаб қилдим. Мен маҳаллий инвесторлар ва олигархларимизга мурожаат қиламан. Олинг ва сармоя киритинг, фақат битта талаб – икки йилдан кейин ишга тушадиган беш юлдузли меҳмонхона қуринг», — деди президент.

Жапаровнинг сўзларига кўра, хорижий инвесторлардан кўра маҳаллий инвесторлар афзалроқ.

«Ахир, соф даромад тўлиқ мамлакатимизда қолади. Аммо биз ташқи инвесторлардан ҳам зарар кўрмаймиз. Улар сармоя киритадилар, иш ўринлари яратадилар, солиқ тўлайдилар, лекин барибир соф даромадни ўзлари оладилар», — дея тушунтирди давлат раҳбари.

Ўғли Рустам давлат ишлари билан бандми, деган саволга Жапаров «йўқ» деб жавоб берди. Унинг сўзларига кўра, Рустам Иссиқкўл вилоятидаги гольф майдончаси қурилишига инвесторларни жалб қилиш билан банд.

«Очилиш келгуси йил кутилмоқда. Бу гольф майдони бутун Марказий Осиёдаги ҳудуди бўйича энг катта майдон бўлади», — деди президент. Унинг қўшимча қилишича, Рустам Қирғизистондаги ҳар бир қишлоқда замонавий футбол майдонларини ҳам қурмоқда.

«Улар мақтанмасдан, жимгина лойиҳа устида ишлашмоқда ва яқин беш йил ичида бирорта қишлоқ футбол майдонисиз қолмайди», — деди Жапаров.

Ушбу интервьюда асосий саволлардан бири бўлган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг ўғли Тай-Мурасга келсак, Жапаров унга Ўзган шаҳридаги айланма йўл қурилиши учун миннатдорчилик билдирди. Президентнинг сўзларига кўра, мамлакатда кўплаб йўллар, жумладан, республика аҳамиятига молик йўллар қурилиши зарур ва давлат бу каби қатор лойиҳаларни хусусий шахсларга беришга тайёр.

«Аммо бирор бир компания ёки жисмоний шахс бу йўлларни қуришга тайёрлигини билдирмади, чунки киритилган сармоя фақат узоқ муддатда ўзини оқлайди. Шу боис Ўзган айланма йўли қурилиши учун Тай-Мурасга миннатдорчилик билдирамиз. Биз унга ушбу лойиҳага инвестор излагани ва топгани учун раҳмат айтишимиз керак», — деди Жапаров.

Унинг қўшимча қилишича, «Тай-Мурас муҳтож одамлар учун уйлар қуряпти, етим ва беваларга ёрдам беряпти. Яқинда селдан жабр кўрганлар учун уйлар қурган».

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • Қирғизистон президенти келтирган далиллар ва халқаро ташкилотларнинг «хорижий агентлар тўғрисида»ги қонун имзоланишига муносабати