ФИФА футзал бўйича жаҳон чемпионати ўйинлари бўлиб ўтган «Ҳумо Арена»га баҳо берди

«Ҳумо Арена». afisha.uz сайти фотосурати

Тошкентда бўлиб ўтган футзал бўйича жаҳон чемпионатига ташриф буюрган ФИФА раҳбарлари спорт инфратузилмаси, жумладан, турнирнинг ҳал қилувчи ўйинлари бўлиб ўтган «Ҳумо Арена» муз саройи юқори сифатда яратилганини таъкидладилар. Бу ҳақда «Ҳумо» хоккей клуби матбуот хизмати хабар берди.

Халқаро экспертлар 6 октабрь куни бўлиб ўтган Бразилия ва Аргентина терма жамоалари ўртасидаги финал учрашувидан (2:1) сўнг жаҳон чемпионатининг ташкил этилгани ҳақида ўз хулосаларини берди. Шу тариқа, бош футбол ташкилотининг турнирлар директори Хайме Ярза Ўзбекистонда футзал бўйича жаҳон чемпионати Марказий Осиёда ўтказилган биринчи ФИФА турнири эканини эслатди.

«Футзал бўйича Ўзбекистонда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати нафақат ажойиб глобал спорт тадбири, балки жамоалар ва мухлислар учун жуда кўп нарсаларни таклиф қиладиган ушбу ажойиб мамлакат учун ҳам муҳим воқеа бўлди», — деди ФИФА мулозими Европанинг EU Today нашрига берган интервьюсида.

ФИФАнинг футзал ва пляж футболини ривожлантириш бўйича директори, шунингдек, Олимпиада футбол турнирларини назорат қилувчи Касра Хагиги «Ҳумо Арена»нинг инфратузилма имкониятларига тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистондаги ҳамкасблари ва ҳамкорлари ишга шунғишиб кетишган.

«Бу ФИФАнинг Марказий Осиёдаги биринчи тадбири бўлди ва шуни ишонч билан айтиш мумкинки, турнир муваффақиятли ўтди. Объектлар, ажойиб кўнгиллилар, транспорт, турар жой, машғулот жойлари — барчаси яхши ташкилланиб, энг юқори даражада тақдим этилди. «Ҳумо Арена»га келсак, биз биринчи ташрифимизданоқ бу маскан барча талабларимизга жавоб беришига ва ҳатто ундан ҳам ошиб кетишига шубҳа қилмагандик. Бу шундай йирик тадбир — футзал бўйича жаҳон чемпионати финали учун идеал жой. Атмосфера ва акустика ажойиб бўлди. Ва, албатта, якшанба кунги финалда трибуналар тўлиқ бўлганини таъкидлаш жуда ёқимли», — деди Хагиги.

ФИФА маълумотларига кўра, ўйинларга жами 120 мингдан ортиқ мухлис ташриф буюрган ва бу футзал учун жуда яхши кўрсаткич ҳисобланади.

«Биз Ўзбекистондаги турнир мезбонларига ушбу қизиқарли тадбирни ташкил этишда ёрдам бергани ва ажойиб мерос қолдиргани учун миннатдорчилик билдирамиз. Биз Ўзбекистонни ғамгин руҳда, лекин шу билан бирга бу ерга яна қайтишимизга катта умид билан тарк этяпмиз», — дея хулоса қилди Хагиги.

Ўз навбатида, «Ҳумо Арена» бошқарув компанияси Enera инвестиция-саноат гуруҳи бош директори Тимофей Смирнов ўзбек томони шундай юқори савиядаги ФИФА турнирига мезбонлик қилишдан хурсанд эканини таъкидлади.

«Биз барча томошабинлар стадионимизда ўзларини қулай ҳис қилишлари, аренага туташ ҳудуд Ўзбекистон пойтахти аҳолиси ва меҳмонларининг севимли дам олиш масканига айланиши учун ҳаракатларимизни давом эттирамиз. Биз ФИФА билан жумладан, болалар ва ўсмирлар спортини ривожлантиришда ҳамкорлик қилишни ҳам режалаштирганмиз», — деди Смирнов.

Жаҳон чемпионатида Осиё, Африка, Европа, Шимолий ва Жанубий Америка, Океаниядан 24 та жамоа иштирок этди. Жамоалар 4 тадан 6 та гуруҳга бўлинганди. Гуруҳларида дастлабки икки ўринни эгаллаган иккита жамоа, шунингдек, ўз гуруҳларида учинчи ўринни эгаллаган тўртта жамоа плей-офф босқичига йўл олди. Турнир 14 сентябрдан 6 октябрга қадар Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтди.

ℹ️ «Ҳумо Арена» кўп функцияли спорт мажмуаси ва муз саройидир. 2019 йили очилган. Бу Ўзбекистон миллий хоккей жамоаси ва бир қатор хоккей клублари, жумладан, «Ҳумо» ХК учун уй аренасидир. Футзал бўйича Жаҳон кубоги мажмуада ўтказилган хоккейдан ташқари биринчи тадбир эмас. Илгари бу ерда каратэ, дзюдо ва аралаш яккакурашлар бўйича халқаро турнирлар ўтказилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди