Қозоғистон шимолида қаровсиз қолган беш нафар бола ёнғинда ҳалок бўлди

Ёнғин ўчирилишига доир видеодан кадр

Қўстанай вилоятида ёнғин ва уй томининг қулаши оқибатида қаровсиз қолган беш нафар бола ҳалок бўлди, деб хабар беради Tengrinews.kz нашри.

Вилоят ҳокимлиги хабарига кўра, ёнғин эрталаб соат 4:29 да Житикара шаҳридаги шахсий томорқа ҳудудида содир бўлган. Ёнғин оқибатида турар-жой биноси томи қулаган. Етти дақиқадан сўнг қутқарувчилар воқеа жойига етиб келишган; уй бутунлай олов ичида қолган. Ўт ўчирувчилар тезда ўтни ўчириш ва вайроналарни тозалашга киришган. Соат 6:08да ёнғин тўлиқ ўчирилган.

«Том қулаган пайтда уйда катталар назоратисиз қолган 2011, 2016, 2018, 2019, 2022, 2023 йилларда туғилган вояга етмаган болалар бўлган. Афсуски, вайроналарни тозалаш натижасида беш нафар боланинг жасади топилган. 2011 йили туғилган тўнғич фарзанд жабрланмаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, кечки пайт болаларнинг онаси дугонасиникига кетган. Эри қамоқда бўлган», — дейилади хабарда.

Ҳозирда экспертлар ҳодиса сабабларини ўрганишмоқда. Ёнғин-техник тадқиқот ўтказиш тайинланган.

Вилоят прокуратураси ёнғин юзасидан терговга қадар текширув бошлаган. Дастлабки сабаб печканинг қаровсиз қолдирилгани кўрсатилган. Тергов жараёни Қозоғистон Бош прокурори Берик Асилов томонидан назоратга олинган.

Бундай бундай мудхиш воқеалар республикада мунтазам бўлиб туради. Ўтган йили Аяғоз шаҳридаги хусусий уйлардан бирида содир бўлган ёнғин оқибатида тўрт нафар бола ҳалок бўлганди. 2020 йили Олмаота вилоятининг Эсик шаҳридаги хусусий уйда содир бўлган ёнғинда уч нафар бола ўлган.

2019 йил 4 февраль куни Остона шаҳрида ёнғин содир бўлиб, беш нафар бола ҳалок бўлган эди. Ота-оналар қизларни уйда ёлғиз қолдириб, тунги сменадаги ишга кетишган. Ушбу воқеадан сўнг Остона ва Олмаотадаги кўп болали оналар ижтимоий нафақа ва турмуш шароитини яхшилаш учун рухсат этилмаган митингларга чиқа бошлашган. Турли шаҳарларда кузгача давом этган норозилик намойишлари ҳукуматнинг истеъфога чиқишига сабаб бўлганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди