Қирғизистон президенти Мусулмонлар диний идорасига қабристонларда ёдгорлик ўрнатишни тақиқлашни топширди

Садир Жапаров. Қирғизистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «Дафн маросимлари тўғрисида»ги қонунни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Фармонда Қирғизистон мусулмонлари диний идорасига (МДИ) мусулмон қабристонларида ёдгорликлар, ҳайкаллар, қабр тошлари, тош, гранит, мармар, металлдан ясалган панжаралар ўрнатишни тақиқловчи фатво чиқариш тавсия этилган. Тарихий ва маданий аҳамиятга молик дафнлар учун истисно бўлиши мумкин.

«Шариатга кўра, мусулмон бандасига қимматбаҳо қабр тошларини ўрнатиш ва у ерга инсон суратини жойлаш, қабрни темир панжаралар билан ўраш, цемент ва бетондан фойдаланиш тақиқланган. Бундай одатлардан марҳумга фойда йўқ. Аксинча, қабр устига турли мақбаралар ўрнатиш марҳумнинг руҳини безовта қилади», — деди Жапаров июль ойида «Кабар» ахборот агентлигига берган интервьюсида.

Президент ўз юртдошларини қабристонларга металл ва тош ёдгорликлар ўрнатишни тўхтатишга чақирди.

«Баъзи сиёсатчиларнинг нима дейиши менга қизиқмас. Марҳумларнинг хотирасини ҳурмат қилиш учун ҳар куни уйда Қуръон ўқиш ёки узоқда бўлганда уларни ёдга олиб туриш мумкин. Шунинг ўзи етарли. Шунда марҳумнинг руҳи ором топади. Металл ёдгорликлар ёки икки қаватли мақбаралар ўрнатиш бизнинг анъаналаримизга хос эмас, – деди давлат раҳбари.

Қарорга кўра, қабр тошлари ва панжаралар ёғоч материаллардан ясалган бўлиши ва баландлиги 0,7 метрдан ошмаслиги керак. Бундай чора-тадбирлар қабр ёдгорликларини ўрнатишда йўл қўйилаётган исрофгарчилик олдини олишга ёрдам беради, деб ҳисоблайди президент.

МДИ, Дин ишлари бўйича давлат комиссияси, Президентнинг вилоятлардаги ваколатли вакиллари, маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа бир қатор тузилмаларга марҳумларни дафн этиш масалалари бўйича аҳоли ўртасида доимо тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бориш топширилди.

Архитектура, қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш давлат агентлигига уч ой муддатда шаҳарсозлик ҳужжатларини, қабристонлар, қабр ёдгорликларининг ўлчамлари, уларни тайёрлаш ва ўрнатиш учун материалларга қўйиладиган талаблар, лойиҳалаш ва ободонлаштириш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича экологик, санитария талабларини тартибга солувчи намунавий қоидалар (йўриқномалар)ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ