Бишкекдаги «Ак-Кула» ипподроми ҳудуди «РЦА Ливинг» компаниясига кейинчалик муддатини узайтириш имконияти билан 49 йилга ижарага берилди. Тегишли сармоявий келишув Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди, деб хабар беради Akipress.
Майдони 53,5056 гектар бўлган ер участкасида компания бизнес марказлари, турар-жой, ижтимоий ва инфратузилма объектлари ҳамда боғ майдонлари жойлашган бинолар мажмуасини қуради. Инвестор қуйидаги мажбуриятларни ўз зиммасига олади:
👉 Бишкек бюджетига 67 миллион доллар ўтказиш;
👉 камида 300 миллион доллар сармоя киритиш;
👉 Бишкек бош режаси концепцияси учун таҳлилий асосни ишлаб чиқиш учун 250 минг доллар ажратиш;
👉 Ҳар бири 1200 ўринли учта мактаб, ҳар бири 350 ўринли учта болалар боғчаси, истироҳат боғлари ҳудудлари, шаҳар йўллари, пиёдалар йўлаклари ва коммунал тармоқларни қуриш ва ушбу объектларга бепул топшириш.
ℹ️ Akipress Қирғизистон Адлия вазирлигига таяниб, «РЦА Ливинг» компанияси 2024 йил 19 августда рўйхатдан ўтганини хабар қилади. Фаолият доираси — турар-жой ва нотурар биноларни қуриш. Компания раҳбари Фан Ан Шон, таъсисчилари Салим Шабазов ва Гибралтарда бош офиси жойлашган TNG Global Foundation пудратчи компания.
ℹ️ «Ак-Кула» ипподроми 1947 йили меъмор Владимир Нусов лойиҳаси бўйича қурилган. 1997 йили уни бошқариш учун «Ак-Кула» акциядорлик жамияти ташкил этилиб, унинг 80% акциялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига, 20%и эса ишчи коллективига тўғри келган. 2003 йили Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ипподромни хусусий шахсга арзонлаштирилган нархда сотишган. 2017 йили Бишкек мэрияси суд орқали унинг шаҳар мулкига ўтишига эришган. 2020 йили объект авария ҳолатида ва таъмирлаб бўлмайдиган деб топилган. 2024 йил баҳорида Бишкек чеккасида янги ипподром қурилиши бошланган.