Москвадаги ФСБ биносини портлатишга уринганлик иши бўйича яна икки Тожикистон фуқароси судланди

ЛУБЯНКадаги ФСБ биноси. SPUTNIKNEWSLV.COM сайти фотосурати

Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди 22 ва 23 октябрь кунлари бўлиб ўтган мажлисларда Москвадаги Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) биносини портлатишга уринишда айбланган Тожикистоннинг икки фуқаросига ҳукм эълон қилди.

ТАСС хабарига кўра, 22 ёшли исломий-радикал блогер Нурмуҳамад Шарипов 12 йил, 24 ёшли автоэлектрик Акмалжон Аҳроров 14 йилга озодликдан маҳрум этилган. Улар Россияда тақиқланган “Ироқ ва Шом ислом давлати” (ИШИД) террорчилик ташкилотида иштирок этиш ва уни молиялашда айбдор деб топилган. Иккаласи ҳам бу иш бўйича илгари судланганлар каби террорчилар ва экстремистлар рўйхатига киритилган.

Шарипов ва Ахроров ўз айбларига иқрор бўлган. Улар дастлабки уч йилни қамоқда, қолганини эса қаттиқ тартибли ахлоқ тузатиш колониясида ўтказишади.

👉 Xafizz.01 блогер номи билан танилган Шарипов Россия фуқаролигини олган. У ваҳҳобий қарашларини яширмаган ва ўзини ислом олими сифатида кўрсатган, бу терговчиларнинг фикрига кўра, террорчилик фаолиятига янги иштирокчиларни жалб қилиш учун «жозибали ва идеал» образга айланган. Шарипов Россия ФСБ ходимлари томонидан 2023 йил май ойида Шереметьево аэропортида террорчи ташкилотда иштирок этганликда гумонланиб ҳибсга олинган.

👉 Ахроров ўз ҳамфикрларига Москвада ижарага олинган хавфсиз уй учун пул тўлаган, қўлбола портловчи мосламалар ясаш учун бутловчи қисмлар ва ҳарбий кийим сотиб олишга пул йиққан. ФСБ ходимлари иш бўйича қолган айбланувчиларни ҳибсга олганидан кейин у Туркияга қочиб кетган. Туркияда Аҳроров ИШИДнинг ўқув лагерида диний, жанговар ва психологик тайёргарликлардан ўтган, шундан сўнг у хавфли бўлиб қолган. Иш бўйича барча айбланувчилар ҳибсга олинганидан хабар топгач, у «Суриядаги кофирларга қарши курашни давом эттириш қарорини ўзгартиради» ва «биродарларининг ишини якунига етказиш» учун Россия Федерациясига қайтади. Бироқ, тез орада ватандошлари тергов билан келишгани учун ҳибсга олинган.

Москвадаги ФСБ биносини портлатишга уринганлик жиноий иш бўйича тергов доирасида тўққиз нафар айбланувчи аниқланган, улардан иккитаси судгача ҳамкорлик шартномасини тузган ва террорчи ҳамжамиятнинг барча аъзоларини фош қилган, бири айбини тўлиқ, яна иккитаси қисман тан олган. 2023 йил октябрь ойида айбланувчилардан бири 12 йилга озодликдан маҳрум этилган, декабрь ойида беш нафар Тожикистон фуқароси ва бир нафар Доғистонлик йигит 16 йилдан 22 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

ℹ️ Ҳибсга олингунга қадар айбланувчиларнинг бир қисми қурилишда ишчи ва курьер бўлиб ишлаган. Тергов маълумотларига кўра, улар ИШИДга алоқадор бир неча гуруҳлар ҳомийлигида жамият ташкил қилишган. 2022 йил 1 май куни судланувчилар ФСБнинг Лубянка кўчасидаги биносида қўлбола портловчи мосламани ишга тушириши керак бўлган. Кейин улар йўловчиларни ва ФСБ қабулхонасига ташриф буюрувчиларни отиб ташлашни, яқин атрофдаги биноларга қўл гранаталарини улоқтиришни, шундан сўнг Россиядан ўз қўшинларини Суриядан олиб чиқиб кетишини ва терроризмда айбланган бир қатор маҳкумларни қамоқдан озод қилишни талаб қилишни режалаштиришган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди