Ислом цивилизацияси маркази ва «Сбербанк» IТ соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди

Меморандум имзоланиши. WOSCU матбуот хизмати фотосурати

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази ва Россия «Сбербанк»и ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Тошкентда бўлиб ўтган Маданий мерос ҳафталиги доирасида Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва «Сбербанк» халқаро департаменти раҳбари Олег Капитов ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Капитовнинг сўзларига кўра, «Сбер» Россиядаги технологик жиҳатдан энг илғор компания бўлиб, унда 42 минг мутахассис ва 4 та суперкомпьютер ишлайди.

«Ислом цивилизацияси маркази билан исталган тилга таржима қилиш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирганмиз. Бизда кетма-кет ва синхрон таржимани таъминловчи «Сбер таржимон» дастури мавжуд. Китобларни таржима қилиш учун мультимедиа платформаси яратилади», — деди Капитов.

Шунингдек, «Сбер» вакилининг сўзларига кўра, компания технология орқали меросларни асраш билан шуғулланади.

«Бизнинг «Рақамли Пётр» дастуримиз 20 дақиқада Пётр I нинг барча мактубларини ўқиб чиққан, зеро унинг хуснихати жуда тушунарсиз бўлган ва мутахассислар ўқий олишмаган. Бу дастур Ислом цивилизацияси маркази ишида асқотиб қолса, ажабмас», — дейди Олег Капитов.

Тошкентда 18-27 октябрь кунлари «Шарқ Ренессанслари феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар» мавзусида Маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди. Унда 100 дан ортиқ хорижий олим ва экспертлар иштирок этди. Ҳафталик конференциялар, семинарлар, форумлар, кўргазмалар ва тақдимотларни ўз ичига олди. Жумладан, ундан «Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази» мега-лойиҳаси тақдимоти, шунингдек, Ислом цивилизацияси маркази музей кўргазма заллари ва Имом Ал-Бухорий инновацион музейини мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар ўрин олган.

Ислом цивилизацияси маркази мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан «маърифий исломни эзгулик, тинчлик ва бағрикенглик дини сифатида тарғиб этиш» ғояси доирасида амалга оширилаётган лойиҳадир.