Air Samarkand авиакомпанияси Тошкентдан Вьетнамнинг энг йирик оролига парвозларни йўлга қўяди

Air Samarkand матбуот хизмати фотосурати

1 ноябрдан бошлаб Air Samarkand авиакомпанияси Тошкентдан Вьетнамнинг энг йирик ороли Фукуокага парвозларни йўлга қўяди. Парвозлар бош қароргоҳи Вьетнамда жойлашган Crystal Bay Tourism туроператори билан ҳамкорликда амалга оширилади.

7 соат 5 дақиқа давом этадиган рейс Тошкент халқаро аэропортидан жума кунлари маҳаллий вақт билан соат 23:55 да учади. Қайтиш рейси Фукуокдан маҳаллий вақт билан соат 11:00 да учиб, Тошкентга 16:00 да етиб келади.

Парвозлар 36 та люкс ва 277 та эконом класс ўриндиғига эга Airbus A330-300 самолётида амалга оширилади.

Илгари Air Samarkand ва Crystal Bay компаниялари Вьетнамнинг яна бир машҳур курорт соҳили Нячангга қўшма парвоз дастурини муваффақиятли амалга оширганди. Crystal Bayдан пакетли турлар Ўзбекистоннинг кўплаб сайёҳлик агентликлари орқали, шунингдек, онлайн тарзда тарқатилади.

ℹ️ Air Samarkand — Самарқанд халқаро аэропортида жойлашган Ўзбекистон авиакомпанияси. 2022 йил апрель ойида ташкил этилган. Авиакомпания парки замонавий ва ишончли Airbus A330, А321 ва А321neo самолётларидан иборат.

Сентябрь ойида Air Samarkand авиакомпанияси Самарқанддан Тошкентга парвозларни йўлга қўйиб, мамлакатнинг икки йирик шаҳрини ҳафтасига икки марта Airbus A321 самолётида мунтазам рейслар билан боғлади. Рейслар Самарқанддан ҳар жума ва якшанба кунлари эрталаб амалга оширилади, Ўзбекистон пойтахтига 50 дақиқада етиб борилади. Қайтиш рейслари Тошкентдан Самарқандга худди шу кунлари кечқурун амалга оширилади.