Халқаро молия корпорацияси (International Finance Corporation, IFC) Саудия Арабистонининг ACWA Power компаниясига Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 240 миллион доллар миқдорида оралиқ кредити ажратади. Бу ҳақда IFC матбуот хизмати хабар берди.
Кредит тўғрисида Ар-Риёдда бўлиб ўтган «Келажак инвестиция ташаббуслари институти» саккизинчи конференцияси чоғида эълон қилинди. Маблағлар қуйидаги лойиҳалар қурилиши ва фойдаланиши учун йўналтирилади:
👉 1 ГВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси;
👉 668 МВт қувватга эга электр энергиясини сақлаш тизимлари (BESS);
👉 500 км га яқин юқори кучланишли электр тармоқлари учун.
Ушбу лойиҳалар ишга туширилгач, йилига тахминан 2400 ГВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади, бу эса иссиқхона газлари чиқиндиларини йилига тахминан 1,3 миллион тонна CО2 га камайтиради. Ишлаб чиқарилган электр энергияси узоқ муддатли шартномалар асосида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖга етказиб берилади.
Молиялаштириш исломий мурабаҳа кредити сифатида тузилган ва қўшма кредитлаш дастури доирасида 227,75 миллион долларгача бўлган IFC А-кредити ва 12.25 миллион долларлик мақсадли кредитни ўз ичига олади.
«Лойиҳа IFC нинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш, ривожланаётган бозорларда тоза энергияга ўтиш жараёнини тезлаштириш ҳамда Саудия Арабистони давлат ва хусусий сектор корхоналарини минтақада ва ундан ташқарида инновацион инвестициялар билан қўллаб-қувватлаш бўйича мажбуриятини акс эттиради», — деди Лаура Вецвагаре, IFCнинг Яқин Шарқ, Марказий Осиё, Туркия, Афғонистон ва Покистондаги табиий ресурслар ва инфратузилма лойиҳалар бўйича минтақавий раҳбари.
Лойиҳа, шунингдек, иш жойларини яратиш орқали ACWA Power компаниясида аёллар улушини ошириб, гендер тенглигини тарғиб қилади.
IFC Ўзбекистоннинг энергия сиғими Европа ва Марказий Осиёдаги ўртача кўрсаткичдан уч баравар юқори эканини таъкидлайди. Мамлакат ҳукумати 2030 йилга бориб энергия сиғимини 30 фоизга, карбонат ангидрид гази чиқиндиларини эса 35 фоизга камайтиришни режалаштирмоқда.
ℹ️ Жаҳон банки гуруҳининг аъзоси бўлган IFC ривожланаётган бозорларда хусусий секторга йўналтирилган энг йирик глобал ривожланиш институтидир. Ташкилот дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида фаолият юритади. 2024 молия йилида корпорация ривожланаётган мамлакатлардаги хусусий компаниялар ва молия институтларига рекорд даражадаги 56 миллиард доллар ажратди.
ℹ️ ACWA Power — дунёдаги энг йирик хусусий сувни чучуклантириш компанияси, яшил водород соҳасида кашшоф ва яшил энергияга ўтиш бўйича етакчи. Компания 2004 йили Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида рўйхатдан ўтган ва 4000 дан ортиқ ходимга эга. ACWA Power Яқин Шарқ, Африка, Марказий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги 13 та давлатда тақдим этилган. ACWA Power портфелига инвестиция қиймати 353,77 миллиард Сингапур риали (94,3 миллиард доллар) бўлган ва кунига 65,6 ГВт электр энергияси, 8,0 миллион куб метр чучуклантирилган сув ишлаб чиқариш қувватига эга 90 та фаол, истиқболли ёки қурилаётган лойиҳалар киради.
Ўтган йил ноябрь ойида Мирзиёев матбуот хизмати ACWA Power компаниясини Ўзбекистонда яшил энергияни ривожлантириш бўйича энг йирик инвестор ва стратегик ҳамкор деб атаган эди. Бу вақтга келиб компания томонидан республикада умумий қиймати 7,5 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилаётган эди. Сирдарё вилоятида қуввати 1,5 ГВт бўлган буғ-газли электр станцияси, Қорақалпоғистонда қуввати 1,5 ГВт бўлган дунёдаги энг йирик шамол электр станцияси, Бухоро вилоятида умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита шамол электр станцияси қурилиши лойиҳалари ва бошқалар шулар жумласидандир.