АҚШ Молия вазирлиги Марказий Осиёнинг учта давлати компанияларига қарши иккиламчи санкциялар киритди

АҚШ Молия вазирлиги. dailymoscow.ru сайти фотосурати

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Россия ҳарбий-саноат мажмуаси ривожланишига алоқадор 275 нафар шахс ва ташкилотга нисбатан санкциялар жорий қилди. Чекловлар АҚШ Давлат департаменти ва АҚШ Савдо вазирлиги томонидан ҳам киритилган – жами 400 га яқин жисмоний ва юридик шахслар, жумладан, Марказий Осиёнинг учта давлати – Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистон компаниялари ҳам чекловларга дучор бўлган.

Шу тариқа, Ўзбекистоннинг икки компанияси – Uzstanex ва The Elite Investment Group компанияларига чекловлар қўйилди. Республика Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2018 йили рўйхатдан ўтган Uzstanex компанияси механик машиналар савдоси билан шуғулланади. У 65 миллион сўм (5 минг доллар) устав капиталига эга, ягона асосчиси Василий Абрамовдир. Корхона Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган.

The Elite Investment Group 2024 йил январь ойида ихтисослаштирилмаган улгуржи савдо учун ташкил этилган. Корхона Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган. Таъсисчиси ва директори Нодира Казакбаева. Устав капитали 3 миллион сўм (235 доллар). АҚШ Давлат департаменти веб-сайтида айтилишича, The Elite Investment Group россиялик компанияларга, жумладан, санкцияга учраган Россия «ГТС Групп»га 2024 йил мартидан майига қадар тахминан 190 минг долларлик маҳсулотлар етказиб берган, жумладан электр трансформаторларини. Шу билан бирга, Ўзбекистон компанияси Туркиянинг Guclu Global компаниясидан ташувчи агент сифатида фойдаланган.

Uzstanexга келсак, у АҚШ Молия вазирлиги сайтида Қозоғистоннинг Kazstanex компанияси билан боғлиқ рўйхатга олинган (Egov.kz маълумотларига кўра, у 2014 йилда рўйхатдан ўтган. Унинг асосчиси ва биринчи директори Василий Абрамов). Америка департаментининг таъкидлашича, бу иккала компания ҳам Россия Федерациясига Европа дастгоҳларини етказиб бериш схемасида воситачи ҳисобланади. Улар Европадан дастгоҳларни жўнатишнинг номинал олувчилари сифатида ишлайди, кейин уларни Хитойнинг Shanghai Winsun Imp and Exp Co Ltd (Shanghai Winsun) компаниясига юборади, улар ўз навбатида молларни Россияга етказиб беради.

Қирғизистоннинг «Сервис Флай Бишкек» (Service Fly Bishkek) МЧЖ компанияси ҳам санкциялар рўйхатига киритилган. У 2023 йил май ойида Қирғизистон пойтахтида рўйхатга олинган. Раҳбари Магамед Омаров. АҚШ Ғазначилиги маълумотларига кўра, 2024 йил январидан майига қадар Service Fly Bishkek Россиянинг Warehouse Foress компаниясига 1,2 миллион доллардан ортиқ қийматдаги устувор товарларни, хусусан, микроэлектроника ва авиация компонентларини жўнатган.