Қирғизистон президенти мамлакатда генеалогия музейлари ташкил этилишини маъқуллади

open.kg сайти фотосурати

Қирғизистон президенти Садир Жапаров мамлакатда генеалогия (насл-насаб, шажара) музейларини очишга рухсат берувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Музейлар тўғрисидаги ва республиканинг музей фонди тўғрисидаги қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилди. Қайд этилишича, ўзгартиришлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини бузмаган ҳолда Қирғизистон халқи маданиятини ривожлантириш, урф-одат ва анъаналарни сақлаш мақсадида қабул қилинган.

Имзоланган қонунга кўра, «Генеалогия музейлари – бу одамларнинг оилавий муносабатлари, оила тарихи, шахсларнинг келиб чиқиши ҳақидаги материалларни тўплайдиган, сақлайдиган, ўрганадиган ва оммалаштирадиган, шунингдек, қариндошлик алоқаларини ўрнатувчи, авлодлар рўйхати ва шажаралар тузадиган тарихий музейлардир».

Қонун Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) томонидан жорий йил 25 сентябрида қабул қилинган. Унинг ташаббускори депутат Улуғбек Ўрмоновнинг сўзларига кўра, шажара музейларини ташкил этиш санжира – генеалогияни янада сақлаш ва ривожлантириш учун зарур.

«Генеалогия уруғлар тарихини, шахсларнинг келиб чиқиши ва оилавий ришталарини ўрганувчи ёрдамчи тарихий фан сифатида дунёнинг кўплаб мамлакатларида оммалашиб бормоқда. Генеалогияни оммалаштириш учун китоблар, энциклопедиялар нашр этилмоқда, музейлар ташкил этилмоқда. Санжира деб аталадиган насл-насабни қирғиз халқи қадимдан ўрганиб, оғзаки равишда авлоддан-авлодга етказиб келган.

Санжира қирғиз халқининг муҳим урф-одатларидан бири бўлиб, унга кўра, ҳар бир киши еттинчи авлодгача ота-боболарининг исмини билиши керак», — дейди Ўрмонов.

👉 Қирғизистонда генеалогия музейи мавжуд, у 30 сентябрь куни Иссиқкўл вилояти, Жети-Ўғуз туманидаги Ўрғочор қишлоғида очилган. Ўша пайт мамлакат қонунчилигида тегишли норма йўқлиги сабаб, муассаса ўлкашунослик музейи сифатида очилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ