Эронда талаба қиз ҳижоб билан боғлиқ таъқибларга қарши ечингани учун ҳибсга олинди

Ечиниб олган эронлик талаба қиз. Видеодан кадр

Теҳрондаги Ислом университети талаба қизи Азад ечиниб, ички кийимда кампус атрофида айланиб юргани учун ҳибсга олинди. Iran International нашрига кўра, қиз ҳижобни нотўғри кийганлик учун таъқибларга қарши норозилик сифатида шундай ҳаракат қилган.

Воқеа 2 ноябрь куни «Басиж» ҳарбий уюшма аъзолари қизга ҳужум қилиб, бош кийимини ечиб, кийимларини йиртиб ташлаганидан кейин содир бўлган. Ижтимоий тармоқларда талаба қизнинг университет ҳовлисида ички кийимда айланиб юргани, кейин эса уни машинага мажбуран ўтказиб, олиб кетишаётгани акс этган видеолар пайдо бўлди.

Университет вакили талабанинг ҳибсга олинганини тасдиқлаган ва унинг сабаблари ўрганилаётганини айтган. Талабаларнинг Amir Kabir Newsletter нашри хабарига кўра, ҳибсга олиш вақтида қиз калтакланган, жумладан боши машина эшигига урилган ва ундан қон кетган.

ℹ️ Эронда барча аёллар ҳижобда бўлишлари шарт. Мамлакатда 2022 йил сентябрида Маҳса Амини ўлимидан кейин «Аёллар, ҳаёт, эркинлик» ҳаракати пайдо бўлганидан кейин, қаттиққўл сиёсати тарафдорлари аёлларга нисбатан қатъий кийиниш қоидаларини жорий қилиш бўйича саъй-ҳаракатларини кучайтирдилар.

Эрон жиноят кодексига кўра, ҳижоб ўраш қоидаларига риоя қилмаган аёллар пул жарималаридан ташқари 10 кундан икки ойгача қамоқ жазосига ҳам ҳукм қилинади. Шунингдек, уларга қўшимча маъмурий чоралар, жумладан давлат хизматидан четлатиш, сургун қилиш, мамлакатдан чиқиб кетишини тақиқлаш ва мулкини мусодара қилиш жазолари қўлланиши мумкин. Бошқа аёлларни ҳижоб киймасликка кўндирган ва бунга ундаганларга нисбатан қаттиқроқ жазо чоралари қўлланилади: улар бир йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Ҳозирда Эрон парламенти ҳижоб ўраш қоидаларини бузганлик учун жазони кучайтирувчи қонун лойиҳасини кўриб чиқмоқда. Бир марталик қоидабузарлик учун тахминан 50 доллар, такрорий қоидабузарлик учун эса 400 долларгача жарима солинади.

Эрон президенти Масуд Пезешкиан сайловолди ташвиқоти чоғида ҳижоб тўғрисидаги қонун лойиҳасини қоралаб, полициянинг ахлоқ-одоб бўйича патрул хизмати ва аёлларга нисбатан зўравонликка чек қўйишга ваъда берганди. Аслида Эронда ҳақиқий ҳокимият олий раҳбар (Оятуллоҳ) Али Хоманаийга тегишли. Қонунга кўра, президент парламентдан расмий билдиришнома олгандан кейингина қонун лойиҳасини имзолаши мумкин.