Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги мактабларда чақириққача бошланғич тайёргарлик дарсларини назоратга олади

ЎзА сайти фотосурати

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматга чақириққача бошланғич тайёргарлик (ЧБТ) бўйича мактаб ўқитувчилари штабини шакллантиради. Бу ҳақда мамлакат президенти матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бугун замоннинг ўзи ҳар бир фуқародан ватанпарвар бўлишни тақозо этмоқда. Бунда, айниқса, ҳарбий хизматчилар, чақириққача бошланғич тайёргарлик фани ўқитувчилари ўрнак бўлишлари керак.

Ҳозир мактабларда қарийб 10 минг нафар ана шундай педагоглар фаолият кўрсатмоқда. Лекин уларнинг 27 фоизи номутахассис. 2 минг 750 та мактабда ушбу фан учун шароит етарли эмас.

Шу боис энди чақириққача бошланғич тайёргарлик ўқитувчиси штати Мудофаа вазирлигига ўтади. Энди бу вазифага Қуролли Кучлар захирасидаги ҳарбийлар ишга қабул қилинади. Мазкур фан бўйича янги ўқув дастури ва дарсликлар яратилади. Ҳар бир туман ва шаҳарда биттадан мактаб негизида «Жасорат мактаби» фаолияти йўлга қўйилади.

2025/2026 ўқув йилидан бошлаб ЧБТ дастури бўйича мактаб ўқувчилари учун «Ўқ отиш қуроллари ва спорт пневматик қуролларининг тактик-техник тавсифи» амалий машғулотлар ўтказилади. Бунинг учун ҳарбий қисмлар, муассасалар ва ҳарбий полигонларнинг ўқув-моддий базасидан фойдаланиш кўзда тутилган.

👉 Бундан ташқари, мактаблар учун жисмоний тарбия дарсликлари ишлаб чиқилади, бу фан бўйича дастурлар такомиллаштирилади. Ҳозирги кунда жисмоний тарбия ўқитувчиларининг билим савияси ва касб маҳоратини баҳолашнинг миллий тизими жорий этилмоқда, уларга тоифалар беришнинг янги тартиби, шунингдек, мактабларнинг спорт рейтинги тизими ишлаб чиқилади. Янги ўқув йилидан бошлаб ҳамма жойда мактаб спорт клублари ташкил этилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ