Душанбеда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қўлида пичоқ ушлаган ҳолда суратини ижтимоий тармоқларда чоп этган ўсмирларни аниқлаш мақсадида текширув ўтказди. Бу ҳақда Душанбе шаҳар ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, рейд давомида 2006-2007 йиллари туғилган уч нафар ўсмир қўлга олинган. Уларга нисбатан қандай аниқ чоралар кўрилгани айтилмаган, аммо улар содир этган хатти-ҳаракатлар «бошқа ўсмирларнинг психологик ва маънавий ҳолатига салбий таъсир ўтказиши» таъкидланган.
«Баъзи ўсмирлар ота-она томонидан назорат йўқлигидан фойдаланиб, ижтимоий тармоқлардан меъёридан ортиқ фойдаланишади ёки ундан ёмон ниятда фойдаланиб, қонунга хилоф ишларни тарғиб қилишади. Бу борада ота-оналар фарзандларини нафақат назорат қилишлари, балки уларга ижтимоий тармоқларда қандай хулқ-атвор билан ўзни тутиш лозимлиги ҳақида сабоқ беришлари керак», — дейилади хабарда.
Тожикистонда ахлоқ учун кураш ижтимоий тармоқларда «тажовузкор» суратларни чоп этишни тақиқлаш билан чекланиб қолмайди. Илгари мамлакатда «ахлоқсиз ва зўравонлик» мазмунидаги видеолар ва компьютер ўйинлари тақиқланган эди. Жумладан, гап Counter Strike ва GRAND THEFT AUTO (GTA) машҳур ўйинлари ҳақида бормоқда. Эслатиб ўтамиз, Counter Strike киберспорт тури бўлиб, унда Тожикистон терма жамоаси ҳам иштирок этади.
«Азия-Плюс» хабар беришича, Душанбе милицияси шаҳарда низолар олдини олиш ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 2019 йилдан буён аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тиғли қуролларни аниқлаш ва мусодара қилишга қаратилган «Пичоқ» операциясини мунтазам равишда ўтказиб келади.