Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилишида юз берган авария уч кишининг ҳаётига зомин бўлди

РОҒУН ГЭСИДАГИ ҚУРИЛИШ МАЙДОНЧАСИ. ТОЖИКИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ МАТБУОТ ХИЗМАТИ ФОТОСУРАТИ

12 ноябрь куни Тожикистондаги Роғун ГЭСи қурилишида юз берган аварияда уч ишчи ҳалок бўлди. Яна бир ишчи жароҳат олган, деб хабар беради «Азия-плюс».

Мамлакат ҳукумати ҳузуридаги Саноатда меҳнат хавфсизлиги ва тоғ-кон давлат назорати хизмати маълумотларига кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси воқеа жойида ишларни бажарган «Хокруд» компанияси ходимлари бўлган. Ҳалок бўлганлар 39, 40 ва 51 ёшда бўлган.

Воқеа содир бўлгандан сўнг дарҳол воқеа ҳолатларини ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳ тузилган. Ҳодиса сабаблари ҳозирча ошкор этилмаган. Назорат хизмати вакиллари тергов тугагач, тафсилотларни эълон қилишга ваъда беришган.

Қайд этиш жоиз, бу Роғун ГЭСи қурилишида ишчиларнинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. 2020 йили бу ерда 15 марта авария рўй берган, натижада 3 киши ҳалок бўлган ва 15 киши жароҳат олган. 2019 йили 33 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган, 20 киши ҳалок бўлган ва 25 киши жароҳат олган.

ℹ️ Роғун ГЭСи Тожикистондаги энг йирик энергия лойиҳасидир. У Душанбедан 110 километр узоқликда жойлашган. Ушбу станциянинг қурилиши Совет Иттифоқи даврида бошланган ва бир неча бор тўхтатилган. Лойиҳа қуввати 3600 МВт бўлиб, ГЭСнинг олтита агрегати йилига 13,1 миллиард кВт*соатдан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқаради.