ОАВ: Туркманистон Савдо вазири лавозимидан озод этилганидан сўнг дарҳол қўлга олинди

Бегенч Ғочмоллаев. turkmenportal.com.tm сайти фотосурати

Туркманистонда собиқ Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Бегенч Ғочмоллаев қўлга олинди. Бу ҳақда Turkmen.news мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларидан биридаги манбага таяниб хабар беради.

Унга кўра, Ғочмоллаев истеъфога чиққан куни – 15 ноябрда ҳибсга олинган. Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов унинг лавозимидан четлатилишига ишидаги жиддий камчиликларини сабаб қилиб кўрсатганди. Turkmen.news манбасига кўра, собиқ вазир коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинган ва кўрсатма бермоқда.

Тўрт ой олдин Тўқимачилик саноати вазири этиб тайинланган Нурмуҳаммет Оразгелдиев ҳам сўроққа чақирилган. Нашрнинг қайд этишича, у ҳам ҳибсга олинган.

Turkmen.news хабарига кўра, Туркманистон Бош вазирининг собиқ ўринбосари Ботир Атдаев бу иш бўйича Бош прокуратурада гувоҳ сифатида кўрсатма берган. Бунгача савдо мажмуаси, тўқимачилик саноати ва хусусий секторга раҳбарлик қилган Атдаев ўз хизмат вазифаларини қониқарсиз бажаргани учун Ғочмоллаев билан бир вақтда ишдан бўшатилганди.

👉 Кузатувчиларнинг фикрича, Атдаев туркман номенклатурасидаги кучли алоқалари туфайли жиноий жавобгарликдан қутулиб қолиши мумкин. Эслатиб ўтамиз, Атдаев Бош вазир ўринбосари этиб тайинланишидан олдин бир неча йил Туркманистон Бош прокурори лавозимида ишлаган. Унинг давлат идораларидаги муҳим шахсларга, жумладан, Олий назорат палатаси раиси Давлат Тошлиев ва Бош прокурор ўринбосари Раҳим Атаевга таъсири кучли бўлган.

  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди