Тошкентдаги «Ҳумо Арена» муз саройида 22 декабрь куни Қитъа хоккей лигаси (ҚХЛ)нинг илк учрашуви бўлиб ўтади ва унда Минскнинг «Динамо»си ва Москванинг «Спартак» клублари ўзаро баҳс олиб боради.
Учрашув хоккейни дунёда оммалаштиришга қаратилган KHL World Games лойиҳаси доирасида бўлиб ўтади. Ўзбекистон лойиҳа тарихидаги 16-мамлакат, Тошкент эса 49-шаҳар бўлади.
«Биз KHL World Games лойиҳаси қайтаётганини эълон қилишдан мамнунмиз. Ишончим комилки, Тошкентдаги ўйин юқори савияда, стандартларимизга мос равишда ўтади ва янги мухлисларни ўзига тортади. Биз учун янги мамлакат – Ўзбекистонда ҚХЛ шарафини ҳимоя қиладиган Минскнинг «Динамо» ва «Спартак» жамоаларига алоҳида раҳмат айтмоқчиман», — деди ҚХЛ президенти Алексей Морозов.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, томошабинларни ҳақиқий байрам – аренадаги фаоллик, жаҳон чемпионларининг автограф сеанслари ва икки буюк жамоа ўртасидаги қарама-қаршилик кутиб олади. Ўйин куни «Ҳумо» мактабининг ёш тарбияланувчилари учун Олимпия ўйинлари чемпионлари, кўп карра жаҳон чемпионлари Илья Ковальчук ва Валерий Каменский, шунингдек, уч карра жаҳон чемпиони, икки карра Гагарин кубоги соҳиби Сергей Федоров иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади.
«Ўзбекистонда хоккей ташкил эитлганига бор-йўғи олти йил бўлди ва шу қисқа вақт ичида жуда кўп ишлар қилинди. Бироқ биз доимо янги марралар сари интиламиз, шу боис Ўзбекистондаги ҚХЛ ўйини мухлисларимизга янги уфқларни кўрсатади ва янги стандартларни белгилайди. Учрашув иштирокчиларига ва Лигага хоккейга юқори савияда юзланиш имконияти учун миннатдорчилик билдирамиз», — деди Ўзбекистон Хоккей федерацияси вице-президенти Баҳодир Ғофуров.
KHL World Games лойиҳаси 2018/2019 йилги мавсумда Вена, Цюрих ва Таллинда старт олган. Бир мавсумдан сўнг ўйинлар Давос ва Таллинда, 2021 йили эса Дубайда бўлиб ўтди. «Спартак» чилар аллақачон ҚХЛ географиясидан ташқарида — 2010 йили Давосда ва 2018 йили Таллинда ўйнашган. Минскликлар учун бу биринчи ўйин бўлади.