Бухоро вилояти ҳокимияти камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасида фавқулодда иш режимига ўтади

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Бухоро вилояти ҳокимлари (вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари), уларнинг ўринбосарлари ва сектор раҳбарлари олти ой муддатга фавқулодда иш режимига ўтади. Қарор вилоят ҳокимликларининг инвестицияларни ўзлаштириш, камбағаллик ва ишсизликни камайтириш борасидаги фаолиятини танқидий таҳлил қилиш натижасида қабул қилинди, деб хабар беради Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати.

29 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев вилоятнинг иқтисодий кўрсаткичлари унинг салоҳиятига мос келмаётганини, раҳбариятнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканини таъкидлади.

Янги тартиб доирасида Сайхунобод, Уйчи, Зарбдор ва Ғиждувон тажрибаси асосида 70 та драйвер лойиҳани амалга ошириб, 150 минг одамни даромадли қилиш, 40 минг кишини камбағалликдан чиқариш режалаштирилди.

Қайд этилишича, вилоятнинг ҳар бир ҳудудини саноатнинг муайян тармоғига, масалан, Пешку ва Шофиркон туманларини қурилиш материаллари ҳамда тўқимачиликка, Когон шаҳри, Олот ва Жондор озиқ-овқат, Ғиждувон ва Ромитанни кимё саноатига ихтисослаштириш керак. Бу тадбиркорларнинг 150 миллион долларлик лойиҳаларига йўл очади. Бунинг самарасида 411 та кичик корхона, 12 мингта иш ўрни пайдо бўлади.

Вилоятда умумий қиймати 320 миллион доллар бўлган тўртта тўқимачилик фабрикаси қурилиши режалаштирилган, бу эса тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга ошириш, 5 мингта иш ўрни яратиш имконини беради.

Туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. 2025 йили 2,2 миллион хорижий сайёҳни қабул қилиш ва туризм хизматлари экспортини 600 миллион долларга етказиш режалаштирилган. Бунинг учун 69 та янги меҳмонхона, 2 мингта ҳунармандчилик раста ва дўконлари барпо этилади.

Қўшимча 20 минг гектар ер майдонларини ўзлаштириш мўлжалланган. Бунинг ҳисобига қўшимча 100 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади ва 2 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади. Фойдаланилмаётган яйловларда писта етиштириш режалаштирилган.

Умуман олганда, 2025 йили Бухоро вилоятида 2 миллиард долларлик хорижий сармояни жалб қилган ҳолда 106 та лойиҳани амалга ошириш, 105 минг доимий иш ўрни яратиш, экспорт ҳажмини 350 миллион долларга ошириш режалаштирилган.

ℹ️ Илгари бу ҳудуд иқтисодиёти асосан қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ эди, деб таъкидлайди Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати. Давлат раҳбари алмашганидан сўнг ўтган етти йилда вилоятга 4 миллиард доллардан ортиқ инвестиция жалб этилгани энергетика, электротехника, кимё саноати, фармацевтика, тўқимачилик, чарм ишлаб чиқариш каби тармоқларни ривожлантириш имконини берди. 2024 йил бошидан буён Бухорога 1,5 миллион хорижий турист ташриф буюрди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ