Ўзбекистон ДХХ собиқ раиси президент маслаҳатчисининг ўринбосари лавозимига тайинланди

Абдусалом Азизов. newshub.uz сайти фотосурати

Ноябр ойи охирида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси лавозимидан озод этилган Абдусалом (Абдусалам) Азизов Ўзбекистон Республикаси Президентининг ижтимоий-сиёсий, диний-маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан бошқа кадр ўзгаришлари ҳам амалга оширилди, деб хабар беради унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Давлат раҳбарининг фармонига кўра, Русланбек Давлетов Президентнинг ижтимоий-сиёсий, диний, маърифий ва ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини эгаллади. Бунгача у шундай ухшаш лавозимда ишлаган, лекин ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалаларини назорат қилган.

Азизовдан ташқари Сухроб Юсупов ва Адҳам Турдиев Давлетовнинг ўринбосарлари этиб тасдиқланди. Юсупов бошқа ишга ўтгани муносабати билан давлат раҳбарининг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари, Турдиев Президент Администрацияси шўъба мудири лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, Мирзиёевнинг дин ва миллатлараро муносабатлар бўйича маслаҳатчиси Музаффар Комилов ва унинг ўринбосари Олим Салиев ўз лавозимларидан кетди. Иккаласи ҳам «бошқа ишга ўтиш муносабати билан» деган ибора билан ишдан кетган, лекин қандай ишга ўтганига оид маълумот берилмаган.

ℹ️ 24 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбариятида кадрлар ўзгариши амалга оширилганди. Шу тариқа, Абдусалом Азизов ДХХ раҳбари лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнига Мудофаа вазири лавозимидан озод этилган Баҳодир Қурбонов тайинланди.

Ўшанда Азизов «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ихтиёрига ўтказилгани» айтилганди. Кейинчалик Мирзиёев матбуот хизмати бу ибора мансабдор шахс Хавфсизлик кенгаши котибиятининг кадрлар захирасига ўтказилганини англатишини таъкидлаганди. Азизов 2019 йил февралидан буён Давлат хавфсизлик хизматини бошқариб келаётган эди. Бунгача, 2017 йил сентябридан мамлакат Мудофаа вазири лавозимида ишлаган.

ℹ️ Русланбек Давлетов 1980 йил 1 июнда Хоразм вилояти Шовот туманида туғилган. Маълумоти бўйича у ҳуқуқшунос ва иқтисодчи. 2001 йили Буюк Британиянинг Варвик университетини, 2003 йили Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини (магистратура), 2007 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2010 йили эса Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. 2017 йил август ойида у Адлия вазири лавозимини эгаллаган. 2022 йил ноябрида у Мирзиёевнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани муносабати билан ушбу лавозимдан озод этилган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ