БМТнинг қочқинлар бўйича бошқармаси Тожикистон ҳукуматини афғон қочқинларини депортация қилмасликка чақирди

Қочқинлар. asiaplustj.info сайти фотосурати

БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси Тожикистон ҳукуматини афғон қочқинларини депортация қилишни тўхтатишга ва қочқинларни ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро стандартлар ва мажбуриятларга риоя қилишга чақирди. Бу ҳақда БМТнинг Қочқинлар бошқармаси расмий сайтида чоп этилган баёнотда сўз юритилади.

Бошқарманинг қайд этишича, 3 декабрдан 5 декабргача Тожикистон ҳукумати камида 41 нафар афғон фуқаросини, жумладан 37 нафар қочқинни зарур ҳуқуқий процедурасиз депортация қилган.

«Қочқинларни жиддий зарар кўриши мумкин бўлган ҳар қандай давлатга депортация қилиш чиқариб юбориш тамойилини бузиш ҳисобланади. Бу тамойил Тожикистон имзолаган 1951 йилдаги Қочқинлар мақоми тўғрисидаги конвенциянинг 33-моддасида мустаҳкамланган», — дея эслатиб ўтади БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармаси.

Депортация қилинганларнинг аксарияти эркаклар бўлган, улар кўпинча оилалари учун асосий даромад манбаи ҳисобланади. «Оилани бўлиб ташлаш Тожикистонда қолаётган аёллар ва болалар заифлигини янада кучайтиради», — дея таъкидлайди Олий комиссарлик.

Аввалроқ Тожикистондаги афғон муҳожирлари қўмитаси раҳбари Мусаввир Баҳодурий афғон фуқаролари Тожикистондан чиқариб юборилаётганини тасдиқлаган эди. Унинг сўзларига кўра, Тожикистон расмийларининг кўрсатмаларига мувофиқ, ваколатли гуруҳ иш бошлаган ва қонунни бузганларни қўлга олган. Улар Душанбеда сақланмоқда, баъзилари мамлакатдан чиқариб юборилган.

Баҳодурийнинг тушунтиришича, расмийлар афғонларнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига Тожикистонда яшаш қоидаларига риоя қилинмаётганликни сабаб қилиб кўрсатишади. Жумладан, уларнинг депортация қилинишига «бесўнақай соқол қўйиш, бегона кийим кийиш ва жамиятда номақбул хатти-ҳаракатлар қилиш, спиртли ичимликлар ичиш, жамиятда зиддиятли вазиятлар ва низолар келтириб чиқариш, ижтимоий тармоқларда сиёсий баҳс-мунозаралар, экстремизм ва динни тарғиб қилиш, ҳужжатсиз ишлаганлик ва бошқа одамларни ҳақорат қилиш» сабаб бўлган.

Афғонистон муҳожирлари қўмитаси раҳбари бу масалани ҳал қилиш учун Тожикистон хавфсизлик идоралари, БМТнинг Қочқинлар бўйича комиссарлигининг Тожикистондаги ваколатхонаси ва бошқа нуфузли ташкилотлар билан боғланган ва бу борада хавотир билдирган, бироқ Афғонистон фуқароларини чиқариб юбориш давом этмоқда. Баҳодурийга кўра, афғонларнинг «Толибон»* ҳукмронлик қилаётган ватанга депортация қилиниши, одамларнинг ҳаётини хавф остида қолдиради.

ℹ️ 2021 йил 15 августда «Толибон» мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олганидан бери юз минглаб афғон фуқаролари мамлакатни тарк этишган. Норасмий маълумотларга кўра, Тожикистонда Афғонистондан келган 10 мингдан ортиқ қочқин бор, улар асосан Душанбе, Вахдат ва Рудакий туманида истиқомат қилади.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Россия ҳукумати мигрантларни назорат қилишда полиция ролини оширишга қарор қилди

  • РФ Тергов қўмитаси Россияда қандай қилиб мигрантлар сонини қисқартираётгани ҳақида

  • Экспертлар Марказий Осиё жамоаларининг футбол бўйича Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўйинлари ҳақида

  • «Крокус Сити Холл» да содир бўлган терактдан сўнг Россияда Марказий Осиёдан келган мигрантларга нисбатан босим кучайди