Ўзбекистон Марказий банкига Молия вазирлигининг собиқ раҳбари Тимур Ишметов раҳбарлик қилади

Тимур Ишметов. daryo.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тимур Ишметовни Марказий банк бошқаруви раиси лавозимига тайинлашни таклиф қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

Бундан икки соат олдин Асадов Мирзиёев Олий Мажлис Сенатига 64 ёшли Мамаризо Нурмуратовни Марказий банк раҳбари лавозимидан озод этиш бўйича таклиф киритганини маълум қилганди. Ушбу қарорнинг сабаби келтирилмаган. Нурмуратов ушбу лавозимга 2017 йили Марказий банкни 26 йил — 1991 йилдан бери бошқарган Файзулла Муллажонов вафотидан кейин тайинланган эди.

ℹ️ Қонунчиликка кўра, Марказий банк бошқаруви раиси президент тақдимига биноан Сенат томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Шу куни Сенат Ишметовни Марказий банк раҳбари лавозимига тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилди.

👉 Тимур Ишметов 45 ёшда, Тошкент молия институтининг Молия ва кредит факультетини (2000), Бирмингем университетининг International Money and Banking йўналиши бўйича магистратурасини (2005) ва Тошкент университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган (2007).

Ишметов 2017—2019 йиллари Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, сўнгра Молия вазирининг биринчи ўринбосари, 2020—2022 йиллари Ўзбекистон Молия вазири лавозимини эгаллаган. 2022 йил декабрь ойида Ўзбекистонда амалга оширилган маъмурий ислоҳотлар доирасида Ишметов Молия вазирлиги раҳбари лавозимидан озод қилиниб, Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган эди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ