Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг айтишича, хавфсизлик кучлари молиявий оқимларни тўхтатган ҳолда уюшган жиноятчиликка чек қўйишга муваффақ бўлган. Бу ҳақда махсус хизмат раҳбари 17 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади «Клооп».
МХДҚ раҳбарининг сўзларига кўра, бундан буён республикада «кузатувчи» ёки «қонун ўғрилари» бўлмайди. Қолган жиноий гуруҳлар вакиллари, Ташиев таъкидлаганидек, ҳозирда ҳеч вақосиз қолган.
«Энди бандитлардан қўрқмасдан халқ тинч яшаса бўлади, тадбиркорлар тинч-осойишта ишласа бўлади», — деди махсус хизмат раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, кўплаб «қонун ўғрилари», хусусан, Қамчи Кўлбаев, Қодирбек Досонов, Эркин Мамбеталиев, Чингиз Жумагуловларнинг мол-мулклари давлат даромадига ўтказилган. Уюшган жиноий гуруҳларга қарши олиб борилган ишлар натижасида пул ва мол-мулк кўринишидаги 50 миллиард сўм (575 миллион доллар) мусодара қилинган. Бундан ташқари, шу йўл билан олинган учта пансионат сотилган, — дея аниқлик киритган Ташиев.
Мавзуни давом этаркан, МХДҚ раҳбари 2020 йил октябрь ойидан ҳозирги кунга қадар коррупцияга оид ишлар доирасида мамлакат бюджетига 168 миллиард сўмдан ортиқ (1,9 миллиард доллар) маблағ туширилганини таъкидлаган. Хавфсизлик мулозимига кўра, парламентнинг марҳум собиқ спикери Чанибай Турсунбековга тегишли бўлган қиймати қарийб 2 миллиард сўм (23 миллион доллар) бўлган «Капитал банк» ва Бишкек спиртли ичимликлар заводи ҳам давлатга қайтарилган.
Шу билан бирга, Ташиевнинг айтишича, Турсунбековнинг беваси чет эллик разведка ходимлари ёрдамида МХДҚ раисини 5 миллион доллар пора билан қўлга олишни режалаштирган фирибгарлар билан боғланган. Бироқ, ҳуқуқ тартибот органи ходимлари уларни аниқлаган ва мазкур операция олди олинган. Барча гумонланувчилар қўлга олинган, пул давлат ҳисобига ўтказилган.