Фарғонадаги ёқилғи қуйиш шохобчасида содир бўлган портлаш ва ёнғин оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди

ФАРҒОНАДАГИ ГАЗ ҚУЙИШ ШАҲОБЧАСИДА ЮЗ БЕРГАН ЁНҒИН. UZNEWS.UZ САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Фарғона шаҳридаги ёқилғи қуйиш шохобчасида рўй берган портлаш ва ёнғин оқибатида тўрт киши қурбон бўлди, деб хабар берди Фарғона вилояти ИИБ матбуот хизмати.

Портлаш 17 декабрь куни соат 13:45 да Petrolium пропан газ қуйиш шохобчасида содир бўлган. Бунга технологик жараённинг бузилиши ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик сабаб бўлган. Ҳажми беш кубометр бўлган контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида, портлаш ва ёнғин содир бўлган.

Гувоҳлардан бирининг сўзларига кўра, иккита портлаш содир бўлган.

«Овозни эшитиб қараганимда иккинчи портлаш содир бўлди. Буни фақат фильмларда кўрганмиз, лекин бу ерда мен ўзим гувоҳи бўлдим. Нарсалар 50-60 метрга сочилиб кетди. Ёнғин алангаланиб, кучли портлаш юз берди. Бизни икки метрга улоқтириб ташлади. Етиб келганимизда, машиналар ёнаётган эди. Gentraда бир одам бор эди, унинг машинаси ёниб кетди. Биз уни ташқарига чиқариб, касалхонага жўнатдик. Нариги тарафда машиналар ҳам ёнаётган эди, лекин яқинлаша олмадик, яна портлаш содир бўлишидан қўрқдик.

Билишимча, ёнғинга пропан сизиб чиқиши сабаб бўлган: иккита портлаш содир бўлди, биринчиси унчалик кучли бўлмади, иккинчиси эса яқин атрофдаги уйларнинг деразаларини синдириб ташлади. Анчагина зарар бўлди, беш-олти машина ёниб кетди», — деган воқеа гувоҳи Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Портлаш ва ёнғин натижасида бир киши воқеа жойида ҳалок бўлган, бир неча жабрланувчилар касалхонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, улардан уч нафари шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди («Одам ўлимига сабаб бўлган меҳнат хавфсизлиги қоидаларини бузиш») ва 259-моддаси 2-қисми «а» банди («Одам ўлимига сабаб бўлган ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш») билан жиноят иши қўзғатилган. Беш киши қўлга олинган, яна икки нафари қидирувда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тошкентда Янги йил арчаси ёқилди

  • Нега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?

  • Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ҳомийлигида Халқаро маданий мерос ҳафталиги бўлиб ўтди

  • «Навоий» эркин иқтисодий зонасида дунёда аналоги йўқ ускуна муваффақиятли синовдан ўтказилди