Афғонистонни бошқараётган толиблар* 2025 йили электр энергияси етказиб берилиши борасида Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон билан шартномалар имзолади.
Афғонистон давлат энергетика компанияси Da Afghanistan Breshna Sherkat (DABS) 17 декабрь куни Ўзбекистон билан электр энергияси импорти бўйича келишув муддатини 2025 йил охиригача узайтиришини маълум қилди. Битим Ўзбекистонда имзоланган, бу ерга бир кун аввал «Толибон»* делегацияси музокаралар олиб бориш ва битим тузиш учун келган.
Шартнома DABS бош директори вазифасини бажарувчи Абдул Бари Умар ва «Ўзэнергосотиш» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Жаҳонгир Обиджонов томонидан имзоланган.
Толиблар 7 декабрь куни Туркманистон билан ҳам шундай шартнома имзолаган. DABS баёнотида айтилишича, Туркманистон электр энергияси Афғонистонга тўртта йўналишда: Андхой, Акина, Бодғис ва Ҳиротдаги Торғунди орқали импорт қилинади.
Толиблар ноябрь ойи охирида Тожикистон билан электр энергияси етказиб берилиши бўйича келишиб олган.
Етказиб бериш ҳажми ва нархи, шунингдек, келишувларнинг бошқа тафсилотлари ошкор этилмаган.
AmuTV «Толибон» назоратидаги Энергетика ва сув ресурслари вазирлигининг статистик маълумотларига таянган ҳолда қайд этишича, Афғонистоннинг электр энергиясига бўлган талаби 1500 МВтни ташкил қилади. Шундан 720 МВтга яқини импорт қилинса, қолгани мамлакатда ишлаб чиқарилади.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатидан тан олинган ва тақиқланган ташкилот (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).