Қозоғистоннинг Каспий денгизи шарқий соҳилидаги Курик портида логистик коллапс юзага келди. Бу ерда паромлар орқали Озарбайжонга жўнатилишини кутаётган мингга яқин юк машиналари тўпланиб қолди, деб ёзади Lada.kz.
Порт директори Серик Аҳметовнинг айтишича, Озарбайжон томондан ҳам шунча оғир юк машиналари жўнатилиши кутилмоқда. «Улар бу кўрсаткичга биздан олдинроқ эришган», — деди у маршрутга қўшимча паромлар кераклигини қўшимча қиларкан. Аҳметов мавжуд вазиятни изоҳлар экан, юк машиналари кечикаётганининг учта сабаби борлигини таъкидлади:
«Биринчи сабаб шундаки, барча паромлар Озарбайжонга тегишли, иккита паром таъмирлашга жўнатилган, бири қайтади, яна иккитасининг йил охиригача қисқа муддатли таъмирдан чиқиши кутилмоқда. Иккинчи сабаб — йилнинг шу давридаги об-ҳаво қулай кунларининг сони. Статистик маълумотларга кўра, ноябрь ва декабрь ойларида тахминан 50% ҳолатда об-ҳаво шароити туфайли порт ёпилади. Учинчи сабаб — бу транспорт воситалари сонининг кўпайгани, чунки Россия учун санкциялар рўйхати кенгайтирилди ва маҳсулотларнинг бир қисми энди эски йўналишлар бўйлаб юра олмайди, шунинг учун бу юк машиналарининг барчаси бугун бизга келган», — дейди порт раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, Транспорт вазирлиги кўмагида Озарбайжоннинг барча паромларини Манғистау (илгари уларнинг баъзилари Туркманистонга йўл олган) томонга йўналтиришга келишиб олинди.
«Навбат муаммоси ҳал этилмагунча, ишлар жадаллик билан амалга оширилади. Бу, бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, январь охири — февраль бошида содир бўлади», — дея аниқлик киритди Серик Ахметов.
Курик порти Қозоғистоннинг энг йирик денгиз порти — Актаудан тахминан 100 км жанубда жойлашган. У 2016 йили очилган. 2028 йилга келиб порт ўтказиш қобилиятини 50 фоизга, контейнер ўтказувчанлигини уч бараварга ошириш режалаштирилган.