Семей маориф бўлими бошлиғи арча безатаётиб қулаб тушган ўқитувчи туфайли ишдан бўшатилди

Биржан Булабаев. gov.kz сайти фотосурати

Семей шаҳри (Қозоғистоннинг Абай вилояти маъмурий маркази) маориф бўлими бошлиғи Биржан Булабаев ишдан бўшатилди, деб ёзади «Kursiv.kz». Амалдор қозоқ тили ўқитувчиси Қуат Айткалиев билан содир бўлган бахтсиз ҳодиса туфайли ўз лавозимидан четлатилган. Ўқитувчи шаҳар арчасини безашга жалб қилинган, у беш метр баландликдан йиқилиб, реанимацияга тушиб қолган.

Бахтсиз ҳодисадан сўнг Абай вилояти маориф бошқармаси ички текширув ўтказиб, Семей марказий майдонидаги арча безашга шаҳардаги учта мактабдан учтадан – тўққиз нафар ўқитувчи жалб қилинганини аниқлаган. Мазкур таълим муассасалари директорлари интизомий жавобгарликка тортилган. Янги йил арчасини безаш жараёнини мувофиқлаштирган Семей ҳокими ўринбосари ҳам қаттиқ танбеҳ олган (хабарда унинг фамилияси кўрсатилмаган).

Аввалроқ, шаҳар арчасини безатаётган ўқитувчи Қуат Айткалиев баландликдан йиқилиб, бошидан жароҳат олгани маълум бўлган. Таълим вазири Ғани Бейсембаев ўқитувчининг оиласини қўллаб-қувватлашини билдирган ва ўқитувчиларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишга жалб қилиш «Педагоглар мақоми тўғрисида»ги қонунни бузиш эканини таъкидлаган. «Биз текширув холисона олиб борилишини ва бундай ҳолат такрорланмаслиги учун тегишли чоралар кўрилишини кутамиз», — деган вазир.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ