Футбол бўйича Қозоғистон терма жамоаси бош мураббийи, россиялик мутахассис Станислав Черчесов истеъфога чиқиши мумкин. Бу ҳақда қозоғистонлик спорт шарҳловчиси Ермуҳаммед Маулен ўзининг Telegram-каналида хабар берди.
«Черчесов Қозоғистон футбол федерациясининг янги президенти қарори билан ишдан олинади. Айни дамда адвокатлар шартномани бекор қилиш имкониятини ўрганмоқда», — деб ёзади Маулен.
Шарҳловчининг қайд этишича, янги бош мураббий лавозимига икки нафар маҳаллий ва икки нафар европалик мутахассис кўриб чиқилмоқда. Қозоғистон терма жамоаси олдида ЖЧ-2026 саралаш босқичи турибди.
Эслатиб ўтамиз, ҚФФнинг сўнгги президентлик сайловларида иқтисодчи Марат Омаров ғалаба қозонган эди.
Станислав Черчесов шу йилнинг июнь ойидан Қозоғистон терма жамоасини бошқарганди. Унинг қўл остида жамоа УEФА Миллатлар Лигаси доирасида олтита ўйин ўтказиб, улардан бирида дуранг ўйнаган ва бештасида умумий ҳисобда 0:15 ҳисобида мағлуб бўлганди. Турнир якунига кўра Қозоғистон терма жамоаси В лигаси гуруҳида сўнгги ўринни эгаллаб, С лигасига тушиб кетган.
Бундан ташқари, Черчесов қозоқ матбуоти билан ўзаро тил топа олмади, матбуот унинг қозоқ тилига оид ҳазилини хазм қилолмаганди. Оқибатда россиялик мураббий икки марта ўзини овқлашига тўғри келганди.
Станислав Черчесов — осетин футболи вакили. Футболчи сифатида Оржоникидзенинг «Спартак» (кейинчалик Владикавказнинг «Алания»), Москванинг «Спартак» ва «Локомотив», Германиянинг «Дрезден», Австриянинг «Тироль» клубларида ўйнаган. СССР ва Россия терма жамоаларида тўп сурган.
У мураббийлик фаолиятини Австрияда бошлаган — аввалига «Куфштейн» клубида, кейин «Ваккер-Тироль»да ишлаган. 2007 йили у Россияга қайтиб келади ва Москванинг «Спартак» клубига раҳбарлик қилади, Россия чемпионатида кумуш медални қўлга киритади, аммо 2008 йили жамоани тарк этади. 2010 йилдан буён Сочининг «Жемчужина», Грознийнинг «Терек» («Ахмат»), Пермнинг «Амкар», Москванинг «Динамо» клубларини бошқарган. 2015 йили Варшаванинг «Легия» клубини қабул қилиб, у билан чемпионлик ва Польша кубогини қўлга киритган. 2016 йили Черчесов Россия терма жамоасига таклиф қилинади ва у билан жаҳон чемпионатининг чорак финалига чиқади. У 2021 йили ишдан бўшатилган ва Будапештнинг «Ференцварош» клубини қабул қилади, у билан икки марта чемпионлик ва бир марта Венгрия кубогини қўлга киритади. УЧерчесов 2023 йил ёзида жамоанинг Конференция лигасида ёмон ўйин кўрсатгани учун ишдан бўшатилади.