Қозоғистон олти ой ичида АЭС қурилиши бўйича консорциум иштирокчиларини аниқлаб олади

pixabay.com сайти фотосурати

Қозоғистон ҳукумати ҳузурида тузилган АЭС қурилиши бўйича махсус комиссия ишни тезлаштиради – консорциум иштирокчилари бўйича қарор 2025 йилнинг биринчи ярмида қабул қилинади. Бу ҳақда Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев маълум қилди, деб ёзади Vlast.kz.

Дастлаб станция қурилиши иштирокчилари бўйича қарор келгуси йилда қабул қилиниши тахмин қилинганди. «Комиссия (президентнинг – таҳр.изоҳи) кўрсатмалари асосида бу ишни тезлаштириш ва яқин орада тегишли қарор қабул қилиш учун барча имкониятларни ишга солади. Биринчи ярим йилликда (2025 йил — таҳр.изоҳи) қарор қабул қилинади», — деди Саткалиев.

Унинг сўзларига кўра, компаниялар Қозоғистонга вақт ва харажат нуқтаи назаридан ёндашувларни оптималлаштирувчи таклифларни тақдим этиши керак. «Дунёда Хитой миллий атом компанияси олти йил ичида Покистонда энергетика блокини қурганига оид мисол бор. Замонавий дунёда тезроқ ечим топиш имконияти мавжуд», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

Шу билан бирга, у атом электр станциясини қуриш анча узоқ давом этадиган жараён эканини эслатди. Базавий ёндашувлар орқали лойиҳага уч йил кетади, сўнгра «биринчи бетондан биринчи блокнинг охиригача» бўлган қурилиш жараёни 8-14 йил давом этади.

«Қозоғистонга бу муддатлар тўғри келмайди. Яъни, дунёдаги барча илғор тажрибадан фойдаланиш учун ишимизни ташкиллаштиришимиз, ваколатларимиздан фойдаланишимиз зарур. Сифатли таклиф бўлиши учун вердорлар билан батафсил иш олиб борсак, яқин вақт ичида лойиҳалаш, қуриш ва ускуналарга буюртма беришни бошлашимиз мумкин», — деди Энергетика вазирлиги раҳбари.

6 октябрь куни мамлакатда АЭС қурилиши бўйича референдум бўлиб ўтди, унда сайловчиларнинг 71,12 фоизи бу ғояни қўллаб-қувватлади. Сайловчиларнинг 63,66 фоизи иштирок этди. Станция Олмаота вилоятининг Улкен қишлоғида, Балхаш кўли қирғоғида қурилиши режалаштирилган. Расмийлар ҳали технология етказиб берувчини танламаганлар, илгари қисқа рўйхатга тўртта компания киритилган: Хитойнинг CNNC, Кореянинг KHNP, Россиянинг Росатом ва Франциянинг EDF компанияси. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев аввалроқ атом электр станциясини қуриш учун хорижий компаниялар консорциумини жалб қилиш зарурлиги ҳақида гапирган эди. Ўшанда у Энергетика вазирига станция қурилиши бўйича ишларни тезлаштириш бўйича топшириқ берганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ