Ақтауда AZAL авиакомпаниясининг йўловчи самолёти қулаган жойни дрон ёрдамида тасвирга олган блогер Азамат Сарсенбаев қўлга олинди. Бу ҳақда у Facebook (РФда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган Meta корпорациясига тегишли тармоқ) даги саҳифасида хабар берди.
«Мени ушлашди. Ақтау шаҳрининг ПБ (полиция бўлими – таҳр.изоҳи) га кетяпман. Самолёт ҳалокатга учраган жойни суратга олганим учун ушлашган бўлиши керак», —деган блогер ва ҳозирда бутун дунё ОАВлари, жумладан BBC ва Reuters унинг суратларидан фойдаланаётганини қўшимча қилган.
Сарсенбаев — Актаудаги таниқли оператор, фламинголар ҳақидаги вирусли видеолар муаллифи.
Azerbaijan Airlines авиакомпаниясининг Бокудан Грознийга учаётган Embraer E190AR самолёти 25 декабрь куни Ақтауда ҳалокатга учради. Туман туфайли у шу ерга йўналтирилган бўлган. Сўнгги маълумотларга кўра, бортда 69 киши — Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия фуқаролари бўлган. Ҳозирда 32 киши тирик қолгани маълум.
Ҳалокатдан сўнг самолёт парчаланиб кетган, дум қисми ажралиб, ағдарилган, деб хабар беради РБК. Ҳодиса суратлари ва видеоларидан кўриниб турибдики, тирик қолганлар самолётнинг дум қисмида жойлашган бўлишган.
Қозоғистонда ҳалокат бўйича жиноий иш қўзғатилган, ҳукумат фавқулодда ҳолат сабабларини ўрганиш учун комиссия тузган.
Ҳалокатнинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида самолётнинг қушлар галаси билан тўқнашиб кетгани айтилмоқда.