Қозоғистон футбол федерацияси Черчесовнинг истеъфога чиқишига оид хабарларни рад этди

Станислав Черчесов. offside.kz сайти фотосурати

Қозоғистон футбол федерацияси (ҚФФ) терма жамоа бош мураббийи, россиялик мутахассис Станислав Черчесовнинг истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотни рад этди. Бу ҳақда КФФ сайтидаги расмий хабарда сўз юритилган.

Айрим ОАВда Черчесовнинг терма жамоадан кетиши ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди, дея таъкидлайди федерация.

«Бугунги кунда Станислав Черчесов терма жамоа бош мураббийи ва Қозоғистон футбол федерацияси билан амалдаги шартномага эга», — дейилади хабарда.

ҚФФ матбуот хизмати фақат расмий манбаларга ишонишни таъкидлаб, федерация сайти ва ижтимоий тармоқлардаги малумотларни кузатиб боришга чақирди.

Станислав Черчесовнинг ўзи истеъфога чиқиши ҳақидаги миш-мишларга изоҳ берди.

«Мен ҳар доим тахминларга эмас, фактларга таянишга одатланганман. Бундай маълумотни Қозоғистон футбол федерацияси рад этиши ёки тасдиқлаши керак. У расмий баёнот берди, унда аниқ факт бор: терма жамоа бош мураббийи Станислав Черчесов. Шундай экан, келаси йил март ойида бўлиб ўтадиган ЖЧ-2026 саралаш босқичининг бошланиши билан боғлиқ бир қатор масалаларни хотиржамлик билан ҳал қиляпман. Бу борада мажбурий дастур бор, уни ҳозирда федерация терма жамоалари бўлими билан биргаликда амалга оширмоқдаман», — деди россиялик мутахассис.

Шу билан бирга, Черчесов баъзи ОАВ ёзганидек, миллий терма жамоа мураббийлар штабини ўзгартириш учун лоббичилик қилаётган ҚФФнинг янги президенти Марат Омаров билан ҳали учрашмаганини таъкидлади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ