Песков: Кремль Ақтауда юз берган авиаҳалокат юзасидан холис тергов ўтказилишидан манфаатдор

Қозоғистон ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Россия Ақтау яқинида Azerbaijan Airlines (AZAL) самолётининг қулаши бўйича мутлақо объектив ва холис тергов ўтказилишидан манфаатдор. Бу ҳақда Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди, деб хабар беради ТАСС.

Унинг сўзларига кўра, «тергов органларига керакли топшириқлар берилган». Песков журналистлар билан суҳбатда авиаҳалокатдан сўнг Россия президенти Владимир Путин ва Озарбайжон президенти Илҳом Алиев икки марта телефон орқали гаплашганини, Россия раҳбари узр сўраганини ва таассуфда эканини билдирганини эслатди. «Мазкур авария сабабларини текширишда барча зарур ёрдам берилмоқда ва ҳамкорлик қилинмоқда», — деди Кремль вакили.

6 январь куни Озарбайжон президенти ҳалокатга учраган самолётнинг қора қутилари «манфаатлар тўқнашуви» сабаб Россия таклиф қилганидек Давлатлараро авиация қўмитасига эмас, балки Бразилияга (самолёт ишлаб чиқарилган мамлакат) ўрганилиши учун етказилганини маълум қилди.

«Самолёт электрон уруш тизимлари томонидан бошқарилмайдиган ҳолатга келтирилгани кундек равшан. Самолёт ердан берилган зарба натижасида зарар кўргани ҳам аниқ. Лекин нима учун самолёт Ақтауга жўнатилди? Ҳозирча бизда бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқ. Бу маҳаллий авиадиспетчерлар қарори билан бўлганми ёки учувчилар Россия ҳаво ҳудудидаги электрон уруш тизимлари энди қўнишга рухсат бермаслигини тушунишгани учун шундай қарорга келишганми? Бизда бу ҳақда ҳозирча маълумот йўқ. «Турган гап, қора қутилар очилгандан кейин бу маълумотлар ойдинлашади», — деди Илҳом Алиев авиаҳалокатда қурбон бўлган учувчилар оила аъзолари ва тирик қолган стюардессалар билан учрашувда.

«Россия давлат идораларининг бу воқеани бости-бости қилишга ва бемаъни версияларни илгари суришга уринишлари бизни ҳам ҳайратга, ҳам афсусга солди ва ҳақли равишда ғазаблантирди», — деди у.

Озарбайжон раҳбарининг сўзларига кўра, агар Грозний узра ҳаво ҳудудини ўз вақтида ёпиш чоралари кўрилганида, ердан туриб хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя қилинганида, Қуролли кучлар ва Россия фуқаролик хизматлари ўртасида мувофиқлик бўлганида, фожианинг олдини олса бўларди.

Авиаҳалокат 25 декабрь куни юз берди. Azerbaijan Airlines лайнери Бокудан Грознийга учаётган бўлган, бироқ аввал хабар қилинганидек туман ва дронлар ҳужуми туфайли Чеченистон пойтахтига қўна олмаган. Самолёт орқага бурилиб, ҳалокат сигналини берган ҳолда Қозоғистоннинг Ақтау шаҳрига йўл олган. Ҳаво лайнери аэропортдан 3 км узоқликда қулаган. Самолётдаги 67 кишидан 38 нафари ҳалок бўлган. Озарбайжон томонининг таъкидлашича, самолёт қолдиқлари ва гувоҳларнинг сўзларига кўра, самолёт ҳалокатига «ташқи таъсир» сабаб бўлган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ