Фирдавс Абдухолиқов: «Ислом цивилизацияси маркази – ёшлар тарбияси йўлида платформадир»

Фирдавс Абдухолиқов. WOSCU матбуот хизмати фотосурати

Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази (ИЦМ) директори, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов юқорида қайд этилган ташкилотлар фаолиятига оид батафсил интервью берди. Интервью Россия мусулмонлари диний бошқармаси матбуот хизмати томонидан чоп этилди.

Абдухолиқов дастлаб ИЦМ делегациясининг ўтган йил кузида Москвада бўлиб ўтган ХХ Халқаро мусулмонлар форумида (ХМФ) иштироки ҳақида гапирди. У асосий муаммоларга, жумладан, жаҳон ҳамжамиятининг бир қисмига таъсир этаётган исломофобияга алоҳида тўхталиб ўтди.

«ХМФда кўтарилган масалалар жуда долзарб. Бугун дунё мураккаб жараёнларни бошидан кечирмоқда, жаҳон ҳамжамияти давом этаётган низоларни ҳал қилишнинг турли йўлларини изламоқда. Биз исломофобиянинг кучайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз, буни, афсуски,цивилизациялашган дунёга исломни қарши қўйишдаги қисман муваффақиятли уринишлар тасдиқламоқда. Форум мавзуси, албатта, Шавкат Мирзиёев 2017 йили БМТ минбаридан туриб айтган ғояларга ҳамоҳанг. Ўшанда исломофобия ва жаҳолатга қарши маърифат орқали курашиш зарурлигини таъкидланганди. Президентимиз муқаддас динимиз ислом эзгулик, тинчлик, инсонпарварлик ва билим дини эканини алоҳида таъкидлаганди. У БМТ минбаридан Ўзбекистонда маданий-гуманитар мегалойиҳа – Ислом цивилизацияси марказини яратиш ташаббусини ҳам илгари сурди. Бугунги кунда унинг Тошкентда қурилиши жадал давом этмоқда, бу бизнинг тотувлик ва ўзаро англашув ғояларига содиқлигимизни ифодалайди», — деди ИЦМ раҳбари.

Абдухолиқов ўзи раҳбарлик қилаётган Марказ илм-фан, санъат ва маданиятни бирлаштирган қудратли маърифий майдонга айланишини таъкидлади. ИЦМ фаолияти биринчи ва иккинчи Шарқ Уйғониш даври мусулмон олимлари ва педагоглари меросини ўрганиш, асраб-авайлаш ва оммалаштиришга қаратилган бўлади. Абдухолиқовнинг сўзларига кўра, марказ эшиги маданий меросни тарғиб қилишга қизиққан барча инсонлар учун доимо очиқ.

«Биламизки, Шарқ, хусусан, Ўзбекистон замини жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссасини баҳолаб бўлмайдиган буюк шахслар бешигидир. Улар орасида ўзининг бебаҳо асарлари билан ислом динининг моҳиятини чуқур англаб етган буюк дин олимлари ҳам бор. Имом ал-Бухорий, ат-Термизий, ал-Мотуридий, ан-Насафий, ал-Марғиноний каби буюк шахсларнинг номлари тарихнинг олтин йилномасига мангу муҳрланиб қолган. Бу рўйхатни давом эттириш мумкин! Ўзбекистон илоҳиёт олимлари билан бир қаторда буюк алломалар ватани ҳамдир. Биз Ибн Сино, Беруний, Фарғоний, Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва бошқа кўплаб буюк алломалар мероси билан фахрланамиз», — деди Абдухолиқов.

ИЦМ директори Марказ музейи экспозициясини мустаҳкамлашда хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорлик ҳақида гапирди. Жумладан, 2024 йили бўлиб ўтган WOSCU конгрессида чет эл олимлари томонидан тақдим этилган 150 дан ортиқ лойиҳа маъқулланганини алоҳида таъкидлади.

Бвтунжаҳон жамиятининг фаолияти борасида Фирдавс Абдухолиқов бир неча йиллардан буён «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркум китоб альбомларини, шунингдек, бошқа нашрларни яратиш ва нашр этиш бўйича фаол ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

«Биз ҳозир жуда қизиқарли китоб устида ишлаяпмиз, назаримда, у Шарқ илм-фанида маълум бир сенсацияга айланади. Унинг ишчи номи «Ўзбекистон тарихий арбоблари Шарқ миниатюрасида». Ўтган етти йил давомида икки юзга яқин музей ва кутубхоналарда бўлдик, улар раҳбарияти билан алоқа ўрнатдик, шунингдек, биз учун алоҳида қадрли бўлган нодир миниатюраларнинг фотонусхаларини қўлга киритдик. Биз мамлакатимиз тарихи билан боғлиқ бўлган аниқ тарихий шахслар суратларини таъкидлаймиз. Бу асар илк бор 150 дан ортиқ буюк ҳукмдор ва олимларнинг портретларини аниқлаш имконини берди ва тарих фанига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди», — деди Абдухолиқов.

WOSCU бошқаруви раиси Қуръон факсимилларини нашр этиш режалари ҳақида алоҳида тўхтатил ўтди.

«Айни пайтда «Ўзбекистоннинг 114 Қуръони» номли ноёб лойиҳа устида ишлаяпмиз. 114 рақами тасодифан танланмаган — мусулмонлар муқаддас китобида шунча суралар мавжуд. Лойиҳага асосан Ўзбекистон тарихига оид, лекин ҳозирда дунёнинг турли тўпламларида сақланаётган Қуръони Каримнинг қўлда ёзилган нусхалари киритилади. Ушбу кенг кўламли иш факсимил нашр бўлиб, бунинг устида тўрт йилдан ортиқ вақт давомида ишлаяпмиз. Лойиҳада Австрия ва Испания компаниялари, шунингдек, дунёнинг кўплаб давлатларидан Қуръоншунос олимлар иштирок этмоқда. Дастлабки босқичда бизга таниқли россиялик Қуръоншунос Ефим Анатольевич Резван, Коллаж де Франc профессори Франсуа Дерош ва ИРСИКА собиқ директори Ҳалит Эрен каби таниқли мутахассислар катта кўмак бердилар», — деди Абдухолиқов.

Фирдавс Абдухолиқов 2024 йил ёзида Ислом цивилизацияси марказига раҳбар этиб тайинланди. Бир йилдан камроқ вақт ичида ИЦМ бир нечта йирик халқаро илмий конференциялар ташкил этди ва Марказ делегацияси Франция, Буюк Британия, Россия, Туркия ва Малайзия каби қатор давлатларга амалий ташрифлар уюштирди. Халқаро илмий ва маърифий ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Ўнлаб мамлакатлар вакиллари билан алоқалар ўрнатилиб, ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ