Покистоннинг собиқ Бош вазири Имрон Хон коррупция иши бўйича 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Унинг рафиқаси Бушра Биби ҳам худди шу иш бўйича етти йилга қамалди, деб хабар беради АР.
Эр-хотин Имрон Хон ҳокимият тепасида бўлганида ювилган пуллар эвазига мулкдорлардан ерни совға сифатида қабул қилганликда айбланган. Прокурорларнинг даъво қилишича, Хон тадбиркор Малик Риазга бошқа иш бўйича жарима тўлаш учун 190 миллион фунт стерлинг (240 миллион доллар) ювилган маблағлардан фойдаланишга рухсат берган.
Имрон Хон барча айбловларни рад этиб, бу унинг ҳокимиятга қайтишидан чўчиган сиёсий рақиблари фитнасининг бир қисми деб атаган. Ҳукм эълон қилинганидан кейин Бушра Биби ҳибсга олинган. У аввалроқ бошқа порахўрлик иши бўйича жазо муддатини ўтаган, бироқ октябрь ойида гаров эвазига қўйиб юборилган. У яқинда эрини озод этиш талаби билан митинг ўтказган.
2022 йили истеъфога чиққан Имрох Хон учун бу биринчи ҳукм эмас. Шундай қилиб, 2024 йил 30 январда собиқ Бош вазир давлат сирларини ошкор қилгани учун 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Эртаси куни у ва унинг рафиқаси коррупцияда айбланиб, ҳар бири 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Шундан сўнг суд уларни ҳокимият тепасида турган пайтда ҳукуматга қарашли «Тошахона» омборидан қимматбаҳо совғаларни ноқонуний сотиб олишда айбдор деб топган. Жумладан, улар Саудия Арабистони валиаҳди томонидан совға қилинган заргарлик буюмларини арзонлаштирилган нархда харид қилишган.
2023 йил августида бошқа суд Имрон Хонни «Тошахона» иши бўйича Бош вазирлик даврида олинган 140 миллион рупийдан ортиқ (501 минг доллардан ортиқ) совғаларни сотиб олгани учун уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.
ℹ️ Собиқ спортчи ва профессионал крикетчи Имрон Хон 1996 йили «Теҳрик-и-Инсаф» партиясига асос солгач, республикадаги энг машҳур сиёсатчилардан бирига айланган. У 2018 йил августидан 2022 йил мартигача Покистон Бош вазири лавозимида ишлаган. Ўша йил апрель ойида унга нисбатан ишончсизлик вотуми қабул қилинган ва у Бош вазир лавозимидан маҳрум бўлган.