Афғонистон ТИВ вакили ҳукуматни қизлар учун мактаблар очишга чақирди

Шер Муҳаммад Аббос Станикзай. factcheck.kg сайти фотосурати

Афғонистон Ташқи ишлар вазирининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Шер Муҳаммад Аббос Станикзай қизларнинг таълим олишини тақиқлашни адолатсизлик деб атади ва ҳукуматни барча фуқаролар учун «таълим эшикларини очиш»га чақирди. Бу ҳақда мулозим Хост вилоятидаги мадраса талабаларининг битирув маросимида айтиб ўтди, деб хабар беради TOLONews.

Станикзайнинг фикрича, қизларнинг мактабга боришини тақиқлаш шариат қонунларига тўғри келмайди. Унинг қўшимча қилишича, толиблар* бундай қарорлари билан мамлакатда яшовчи 40 миллион аҳолининг 20 миллионига нисбатан адолатсизлик қилмоқда.

«Биз аёлларни барча ҳуқуқлардан маҳрум қилдик. Улар ўзларига эр танлай олмайдилар, мажбурий никоҳ қурбони бўлмоқдалар, уларнинг масжидларга бориши, олий ўқув юртлари ва мактабларда, жумладан, диний таълим муассасаларида ўқиши тақиқланмоқда», — деб таъкидлаган вазир ўринбосари.

У «Муҳаммад С.А.В. замонларида илм эшиклари эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам очиқ бўлганини» тилга олиб, ҳукумат раҳбарларини қизларнинг таълим олишига қўйилган тақиқни бекор қилишга чақирган.

Худди шу тадбирда сўзга чиққан Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Мулла Абдул Ғани Барадар диний таълим билан бирга илм-фан ҳам муҳимлигини таъкидлаган. Унинг фикрича, ҳозир техника даври, замон билан ҳамнафас бўлиш учун дин ва миллат манфаати йўлида замонавий таълимни жорий этиш зарур. Бироқ, сиёсатчи қизлар учун мактаблар очиш ҳақида ҳеч нарса демаган.

Станикзай таълим даргоҳлари эшиклари барча учун очиқ бўлиши кераклиги масаласини илк бор кўтараётгани йўқ. 2022 йилдаёқ у толибларни қизларнинг хавфсиз таълим олишини таъминлашга чақирган. Ташқи ишлар вазири ўринбосари, шунингдек, афғон аёллари давлат идоралари ходимлари сафига қўшилиши, мамлакат ҳаётида, жумладан, сиёсат ва иқтисодиётда фаол иштирок этиши зарурлигини таъкидлаган.

ℹ️ 2021 йил август ойида Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритганидан сўнг, толиблар аёлларнинг ҳуқуқларини мунтазам чеклай бошладилар, гарчи улар 1996 йилдан 2001 йилгача бўлган биринчи ҳукмронлик давридагидан кўра вазминроқ сиёсат юритишни ваъда берганлар бўлсаларда.

Тез орада радикал ҳаракат аксарият қизларнинг мактабга боришини тақиқлади ва давлат хизматида ишлайдиган аёлларга чекловлар киритди. Хотин-қизлар ишлари вазирлиги тугатилди. Унинг ўрнига толиблар Исломий фазилатларни тарғиб қилиш ва иллатлар олдини олиш вазирлигини ташкил этдилар.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ