2024 йили Ўзбекистон расмийлари хорижда ҳалок бўлган 483 нафар меҳнат муҳожирининг жасадини Ватанга қайтарди. Бу статистик маълумотлар Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб ёзади «Газета.uz».
Аниқлик киритилишича, ҳисобот даврида хорижда вафот этган барча Ўзбекистон фуқаролари бошқа давлатларда қонуний равишда ишлаган. Ўтган йили Ўзбекистонга қайтарилган 483 жасаднинг 474 таси Россиядан, 5 таси Туркиядан, 4 таси Корея ва Қозоғистондан олиб келинган.
Миграция агентлиги бўлим бошлиғи Нигора Исроилованинг аниқлик киритишича, жасадларни ватанга олиб келиш харажатлари тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан қопланади. Расмийнинг сўзларига кўра, жасадларни олиб келиш харажатлари, қайси давлатдан эканлигига қараб, турлича. Мисол учун, Россиядан битта жасадни олиб келишга 1000 долларгача, Англиядан 4−5 минг долларгача, Япония, Кореядан эса 9 минг долларгача маблағ кетади.
Бундан ташқари, матбуот анжумани иштирокчилари журналистларга ўтган йили Ўзбекистонда муаммога дуч келган ватандошларни ватанга қайтариш бўйича ишлар олиб борилганини таъкидлашган. 2024 йили хорижда оғир турмуш шароитига тушиб қолган 775 нафар, оғир тан жароҳати олган 182 нафар ўзбекистонлик агентлик кўмаги билан Ўзбекистонга қайтарилган.
2024 йил Россияга ишлаш учун келган хорижликлар ўлими билан якун топган воқеаларсиз кечмади. Май ойида асосан Ўзбекистон фуқаролари истиқомат қилаётган Москва вилоятида жойлашган ётоқхонада ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ўшанда ёнғин саккиз кишининг ҳаётига зомин бўлган.