21 январ куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳукумат, суд ва бошқа муассасаларда қатор кадрлар ўзгаришини амалга оширди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
«Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги бир қатор вазирлик ва қўмиталар раҳбарлари пенсия ёшига етганликлари муносабати билан эгаллаб турган лавозимларидан озод этилиб, масъул ва бошқарувчи лавозимларга ёш, тажрибали, чет тилларини биладиган малакали кадрлар тайинланди», — дея изоҳ берди матбуот хизмати.
Жумладан, Меҳнат, миграция ва бандлик вазири Гулнора Ҳасанзода нафақага чиққани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Вазирликка Солиҳа Холмаҳмадзода раҳбарлик қилди. У 49 ёшда, 1998 йили Академик М.Осимий номидаги Тожикистон техника университетини муҳандис-технолог, 2002 йили Тожикистон Миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Сўнгги пайтлар у Тожикистон Халқ Демократик партиясидан парламент депутати бўлган.
Хавфсизлик Кенгаши котиби Насрулло Маҳмудзода бошқа ишга ўтганлиги сабабли ўз лавозимидан кетди.
63 ёшли Шермуҳаммад Шоҳиё Тожикистон Олий суди раиси лавозимидан чақириб олинди. Бу лавозимни Олий хўжалик судига раҳбарлик қилаётган 50 ёшли Рустам Мирзозода эгаллади.
Рустам Назарзода нафақага чиққани муносабати билан Фавқулодда вазиятлар қўмитаси раиси лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнига 2013 йилдан буён Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари ва Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари қўмондони лавозимларида ишлаб келган Раҳмонали Ражабалий тайинланди. Чегара қўшинларига Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Муродали Ражабзода қўмондонлик қилади.
Раҳмон 21 январь куни Олий суд, Олий хўжалик суди, Телевидение ва радио қўмитаси ҳамда унга бўйсунувчи бир қатор муассасалар, давлат хизмати органлари, ижтимоий суғурта тизими ва пенсиялар, Давлат тиббиёт университети, Жисмоний тарбия институти, Давлат тасвирий санъат ва дизайн институти раҳбариятидаги кадрлар ўзгаришига оид 40 та фармон, қарор ва фармойишларни имзолади.