Тошкентда Япония ҳукумати молиявий кўмагида Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази қурилади. Бу лойиҳа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) раҳбари Акихико Танака билан учрашувида муҳокама қилинди, дея хабар беради давлат раҳбари матбуот хизмати.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, аввалроқ ҳукумат даражасида тегишли лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув имзоланган. Тасдиқланган ҳужжатларга мувофиқ,
JICA тиббиёт муассасаси қурилиши учун 150 миллион доллар ажратади.
Тошкент шаҳрида 250 ўринли шифохона қурилиши режалаштирилган. Марказда асаб касалликлари ва инсультга учраган беморларга узлуксиз ва тизимли тиббий ёрдам кўрсатиш учун 600 дан ортиқ мутахассис меҳнат қилади.
Бундан ташқари, бу ерда энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган симуляция ўқув маркази ташкил этилади. Бунинг шарофати билан Ўзбекистонда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги таъкидлашича, тиббиёт маркази очилгандан кейинги дастлабки беш йил давомида уни бошқариш Япониядан беш нафар юқори лавозимли менежерлар томонидан амалга оширилади. Шу билан бирга, 150 нафар ўзбекистонлик шифокорнинг малакасини ошириш учун уларни Кун чиқар мамлакатига жўнатиш бўйича келишув мавжуд.
JICA Ўзбекистон агентлигига қўшимча равишда бошқа лойиҳаларни амалга ошириш, хусусан, шифохоналарни маммография ускуналари билан жиҳозлаш, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий маркази, нейрохирургия ва эндокринология марказлари, шу жумладан, уларнинг филиалларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 500 миллион доллар ажратади.
Мирзиёев ва Танака ўртасидаги учрашувда Япония агентлиги билан ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон Президенти JICA ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш ва Янги Ўзбекистонни барпо этишда стратегик ҳамкор эканини таъкидлади.
Масаслан, Ўзбекистон-Япония инсон ресурсларини ривожлантириш маркази ва Ёшлар инновация маркази самарали фаолият юритмоқда. Агентлик орқали 2,5 мингдан ортиқ ўзбекистонлик мутахассис Японияда ўқиди ва амалиёт ўтади.
ℹ️ Таъкидланганидек, қўшма лойиҳалар портфели ҳозирда 8 миллиард доллардан ошади, у энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим каби соҳаларни қамраб олади. Бундан ташқари, гап узоқ муддатли ҳамкорлик ҳақида бормоқда, чунки ўтган йили томонлар уч йиллик ҳаракат дастурини тасдиқлади ва тегишли «йўл харитаси»ни шакллантирди.