Россия Давлат Думаси Тожикистонда рус драма театри қурилишига оид келишувни ратификация қилди

ДУШАНБЕДАГИ МАЯКОВСКИЙ НОМИДАГИ ТЕАТРНИНГ ЭСКИ БИНОСИ. ASIAPLUSTJ.INFO САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Россия Давлат Думаси 22 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тожикистон билан Владимир Маяковский номидаги давлат рус драма театрини қуриш ва ундан фойдаланиш шартлари тўғрисидаги келишувни ратификация қилди. Бу ҳақда Дума-ТВ хабар берди.

Ҳужжат 2023 йил 18 декабрь куни Москва шаҳрида икки давлат ҳукуматлараро комиссияси йиғилишида имзоланган. Тожикистон парламенти уни 2024 йил апрель ойида ратификация қилган.

«Шартнома икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бўлиб, театр труппасининг тўлиқ фаолият юритиши учун шарт-шароит яратади, шунингдек, рус тилидаги спектаклларни намойиш этиш учун томошабинлар қамровини оширади, бу эса рус маданиятига қизиқиш уйғотади ва миллатлараро мулоқот тили сифатида рус тилини тарғиб қилади», — дейилади ҳужжатнинг тушунтириш хатида.

Келишувга мувофиқ, Россия 500 томошабинга мўлжалланган янги театр биносини қуриш, шунингдек, уни замонавий моддий-техника базаси билан таъминлаш ва фойдаланишга топшириш мажбуриятини олади. Қурилиш 3,5 миллиард рублга баҳоланмоқда.

ℹ️ Маяковский номидаги Рус драма театрининг биринчи биноси Душанбеда 1929 йили қурилган. Улуғ Ватан уруши йилларида у ерда таниқли драматург Евгений Шварц, актёрлар Лидия Сухаревская, Борис Тенин ва Георгий Менглет яшаб ижод қилган, Москва Владимир Маяковский театри ва Свердловск оперетта театри труппалари ўз чиқишларини намойиш этган. Жамоатчиликнинг норозилигига қарамай, бино 2016 йили бузиб ташланган.

Россия 2024 йил охири — 2025 йил бошида янги театр биноси қурилишига қўшилишни режалаштирган. Бунинг учун Тожикистон ҳукумати Маяковский кўчасидан бир гектар ер ажратган. Бино очиқ рангларда, иккинчи қаватда катта ойналар майдони билан лойиҳалаштирилади. Биринчи қават устунли аркадалар билан безатилган бўлиб, улар орасидан миллий услубдаги орнаментлар жой олади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ