Трампнинг миграцияга оид кескин сиёсати 40 000 дан ортиқ афғоннинг АҚШга кўчиб ўтишига тўсқинлик қилди

gazeta.ru сайти фотосурати

АҚШнинг янги президенти Дональд Трампнинг қочқинларга ёрдам дастурларини молиялаштиришни тўхтатиш ҳақидаги буйруғи 40 мингдан ортиқ афғоннинг АҚШга кўчиб ўтишини хавф остига қўйди. Қолаверса, толиблар* режимидан қўрқиб ватанини тарк этишга қарор қилган бу одамлар Америкага кўчиб ўтиш учун барча зарур тартиб-қоидалардан ўтиб бўлган, деб хабар беради Khaama.com.

Бундан ташқари, ОАВ хабарларига кўра, АҚШда муҳожирларни қўллаб-қувватлаш ва уларга янги жойда иш топишга ёрдам бериш учун фаолият юритадиган ташкилотлар ўз ишини тўхтатган, зеро улар мамлакат Давлат департаменти томонидан молиялаштирилган.

Шундай қилиб, Оқ уй маъмуриятининг қарорлари ўз ватанида, шунингдек, Покистон, Албания ва Қатарда яшаётган ўн минглаб афғонларни ноаниқ вазиятда қолдирди. Улар Қўшма Штатларда ўзларини хавфсиз ҳис қилишларига умид қилишган, аммо энди миграция учун бошқа йўналишларни излашларига тўғри келади.

Кўплаб америкалик конгрессменлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Трамп фармонини танқид қилиб, президентдан ҳужжатни бекор қилишни сўраган. Аргумент сифатида АҚШнинг Афғонистондаги 20 йиллик фаолияти давомида минглаб маҳаллий аҳоли улар билан ҳамкорлик қилгани ва ҳозир улар «Толибон» томонидан қийноқлар ва жиноий таъқибларга дучор бўлаётгани айтилади.

Бироқ, АҚШ вице-президенти Жеймс Д. Вэнс CBS телеканалига берган интервьюсида давлат раҳбарини қўллаб-қувватлаб, мамлакатга кириб келаётган хорижликларни текшириш тизими хавотир уйғотаётганини таъкидлаган. Сиёсатчи Оклахома штатига кўчиб ўтган ва хавфсизлик расмийларига кўра, сайлов куни теракт тайёрлаётган афғонистонлик қочқин Носир Аҳмад Тоҳидийни мисол қилиб келтирган.

Шу муносабат билан Вэнс АҚШга киришда уларнинг шахсини текшириш тартибидан бошлаб, муҳожирлар устидан назоратни кучайтириш ниятида эканини маълум қилган. У фарзандларининг «шубҳали» хорижликлар қўним топган ҳудудларда яшашини истамаслигини қўшимча қилган.

*«Толибон» ҳаракати РФ ва кўпгина давлатларда террорчи ташкилоти сифатида тан олинган ва тақиқланган (Россия қонунчилиги талаби бўйича изоҳлаб ўтамиз).

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ