Келаси йили Душанбеда Марказий Осиёдаги энг катта театр очилади

Театр биноси. asiaplustj.info сайти фотосурати

Тожикистон Миллий театри биноси 2026 йилнинг сентябрида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда республика Маданият вазири Матлубахон Сатториёнга асосланиб «Азия-Плюс» хабар берди.

Қурилиш ишлари мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигини нишонлаш арафасида белгиланган муддатда якунланиши кутилмоқда. Вазир бошқарма мутахассислари ишларнинг боришини кўздан кечириб, қурувчиларга овоз мосламалари ва бошқа техник воситалардан фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берганини таъкидлади.

Бўлажак театр Марказий Осиёдаги энг катта театрга айланиши керак. Бугунги кунда Қозоғистондаги «Астана Опера» Давлат опера ва балет театри худди шундай бино ҳисобланади.

Беш йил давомида ишлаб чиқилган лойиҳага кўра, Душанбе театри биноси етти қаватли бўлади. Яъни, иккита ер ости ва бешта ер усти қавати бўлиб, бинонинг баландлиги 34,5 метрни ташкил қилади. Театр учта катта зални, кўплаб кичик залларни ва хоналарни ўз ичига олади. Асосий зал 2500 ўринга мўлжалланган бўлса, қолган иккитаси мос равишда 1200 ва 1000 ўринга мўлжалланган.

Асосий театр биносида 30 х 21,6 метр ўлчамдаги саҳна қуриш режалаштирилган. Шунингдек, оркестр чуқури, иккита ён саҳна, орқа саҳна ва машқ хоналари бўлади. Юқори қаватларда кўргазма майдони ташкил этилади, бу ерда машғулотлар учун хоналар, бадиий студия ва ҳоказолар ташкил этилади. Ер ости қаватлари 250 та машинага мўлжалланган тўхташ жойи, техник ва хўжалик хоналари учун мўлжалланган.

ℹ️ «Тожикистон Давлат байроғи» боғи ҳудудида Душанбе шаҳрида Миллий театр қурилиши 2015 йили мамлакат президенти Эмомали Раҳмон ташаббуси билан бошланган эди. Объект «алоҳида муҳим» объектлар реестрига киритилиб, ҳар йили унга қурилиш материаллари ва жиҳозларини олиб кириш ҳукумат қарори билан ҚҚС ва божхона тўловларидан озод қилинган.

2018 йили маблағ етишмаслиги сабабли маданият маскани қурилиши бўйича ишлар тўхтатилиб, 2019 йили қайта тикланади. Ўшанда қурилишни 2020 йилгача якунлаш режалаштирилгани хабар қилинган эди. Аммо пандемия сабабли муддатлар яна ортга сурилиб, театр 2021 йили фойдаланишга топширилиши кутилганди, бироқ иш шу кунгача давом этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ