Португалиянинг топ клубларидан бири ўзбек футболчисига қизиқиш билдирди

Хусаин Норчаев. gazeta.uz сайти фотосурати

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Ҳусаин Норчаев фаолиятини Португалиянинг «Брага» клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда Championat.Asia нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, 23 ёшли форвард 3 февраль куни трансфер ойнаси ёпиладиган Португалияга тиббий кўрикдан ўтишга бориш учун Қатарда Ўзбекистон терма жамоасини шошилинч тарк этган ва виза олиш учун Тошкентга қайтган.

Эслатиб ўтамиз, футболчининг ҳуқуқлари Владикавказнинг «Алания» клубига тегишли. Бўлажак трансфер тафсилотлари аниқланмаган, аммо маълумки, шартнома 2026 йилгача мўлжалланган, «Алания» эса оғир молиявий аҳволда ва юқори маош олувчи футболчиларни сотмоқда ёки улар билан шартномаларни бекор қилмоқда.

Жорий мавсумда «Брага» Португалия чемпионати турнир жадвалида тўртинчи ўринда бормоқда ва Европа Лигаси плей-офф босқичига чиқишни мақсад қилган. Ўзбекистонлик форвард клубга ўтса, унинг асосий таркибдан жой олиш учун рақиблари испаниялик Фран Новарро ва марокашлик Амин Эл-Уззаний бўлади.

Норчаев Португалия олий лигасидаги биринчи ўзбекистонлик футболчи бўлмайди. Аввалроқ, 2019 йили Сардор Рашидов «Насьонал»да ўйнаганди.

Ҳусаин Норчаев Қарши футболи маҳсули. «Алания»га кўчиб ўтишдан олдин у «Насаф» тизимида бўлган. Уч мавсум давомида асосий жамоада ўйнаган ҳужумчи барча расмий турнирларда роппа-роса 100 та ўйин ўтказиб, 40 та гол урган ва 9 та голли узатмани амалга оширган. Ўзбекистон Суперлигаси ва мамлакат кубогининг кумуш медаллари соҳиби. 2023 йили «Алания» билан шартнома имзолаган, бироқ жамоада ўзини кўрсата олмаган ва кейинги мавсумда Фарғонанинг «Нефтчи» клубига ижарага берилган. Норчаев Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 1 та ўйин ўтказиб, гол урган. У Олимпия терма жамоаси сафида, жумладан, Олимпия ўйинларида 35 та ўйин ўтказган ва 14 та гол урган.