Хоккей бўйича Қирғизистон терма жамоаси Осиё ўйинларида Баҳрайнни йирик ҳисобда мағлуб этди

Қирғизистон-Бахрайн ўйинидан лавҳа. vesti.kz сайти фотосурати

Хоккей бўйича Қирғизистон миллий терма жамоаси Осиё ўйинлари гуруҳ босқичининг 2-турида Баҳрайн терма жамоасини 29:0 ҳисобида мағлуб этди.

Баҳрайн турнирнинг асосий аутсайдерларидан бири ҳисобланади. Биринчи даврада бу жамоа Сингапурга 20:1 ҳисобида мағлуб бўлган бўлса, «Фарғона» хабарига кўра, сингапурликлардан ташкилотчилар «шайба ўтказиб юборишни» сўрашган. Қирғизистон ўзининг илк учрашувида Қувайт термаси устидан иродали ва муҳим ғалабага эришди (9:8).

Баҳрайнга қарши ўйинда қирғизистонликлар ҳеч иккиланишмади ва биринчи бўлимдаёқ рақиб дарвозасига 10 та шайба йўллади. Яна 10 та шайба иккинчи бўлимда киритилди. Тўғри, учинчи йигирма дақиқада Қирғизистон жамоаси ўзини 9 та гол билан чеклади. Сингапурдан фарқли ўлароқ қирғизистонликлар ўз дарвозаларидан нуфузли гол ўтказиб юборишмади.

Ерсултон Мирбеков 3 шайба ва 7 та шайбали узатма билан учрашувнинг энг қиммат ўйинчиси деб топилди.

В гуруҳидаги яна бир учрашувда Қувайт Сингапурни 10:3 ҳисобида мағлуб этди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон терма жамоаси А гуруҳида, Туркманистон терма жамоаси эса С гуруҳида иштирок этмоқда. Аёллар ўртасидаги турнирда Қозоғистон аёллар терма жамоаси тақдим этилган.

ℹ️ IX қишки Осиё ўйинлари Хитойнинг Харбин шаҳрида бўлиб ўтади. Осиё ўйинларининг тантанали очилиш маросими 7 февраль куни бўлиб ўтади, бироқ мусобақалар 3 февраль куни хоккей баҳслари билан бошланади. Ўйинлар 14 февраль куни якунланади. Унда тоғ чанғиси, чанғи учиш, биатлон, сноуборд, фристайл, ски-альпинизм, конкида учиш, шорт-трек, фигурали учиш, кёрлинг ва хоккей каби 11 та спорт тури бўйича 64 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борилади. Осиё ўйинларида 34 давлатдан 1274 нафар спортчи иштирок этади.