5 февраль куни Тожикистон Олий суди давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича айбланувчиларга ҳукм чиқарди. Айбланувчилар узоқ муддатга — 27 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди, дея хабар беради «Азия-Плюс» манбаларига таяниб.
Ҳукм суд жараёни ёпиқ эшиклар ортида ўтган Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) тергов изолятори биносида эълон қилинди. Судланганлар орасида собиқ амалдорлар, сиёсатчилар ва журналистлар, жумладан, собиқ Ташқи ишлар вазири, Олий кенгашнинг собиқ раиси ва хавфсизлик идораларининг нафақадаги раҳбарлари бор.
Нашр манбаларига кўра, парламент аъзоси, Тожикистон Демократик партиясининг собиқ раиси Саиджафар Усмонзода ва республика собиқ Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий 27 йилга озодликдан маҳрум этилган ва мол-мулки мусодара қилинган.
Социал-демократик партия раиси ўринбосари Шокиржон Ҳакимов ва Демократик партия раисининг собиқ ўринбосари, журналист Аҳмадшоҳ Комилзода 18 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Тожикистон Олий Кенгашининг собиқ раиси Акбаршоҳ Искандаров ва истеъфодаги полковник Нурамин Ғанизода 18 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Абдулфайз Атоий 17 йиллик қамоқ жазосини олган.
Бундан ташқари, суд тожикистонлик журналист Рухшона Ҳакимовани давлатга хиёнатда айблаб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилди. Ҳукм чиқарилишидан олдин у икки ёш боласи борлиги сабабли озодликда бўлган. Ҳукм эълон қилингач, у суд залида ҳибсга олинган.
«Азия-Плюс» нинг аниқлик киритишича, Рухшона Ҳакимова иши унинг «Хитойнинг Тожикистондаги таъсири» мавзусидаги сўрови билан боғлиқ бўлиб, бунга аввалроқ судланганларнинг бир қисми, жумладан Саиджафар Усмонзода ва журналистнинг амакиси Шокиржон Ҳакимовлар жавоб беришган.
ℹ️ 14 ноябрь куни давлат тўнтаришига уриниш иши бўйича биринчи суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд мажлисида суд адвокатларнинг суд жараёнини очиқ суд залига ўтказиш ҳақидаги илтимосини рад этган. Ҳимоя томони ишни очиқ кўришни талаб қилган, бироқ судя суд мажлисларини тергов изолятори биносида ёпиқ эшиклар ортида давом эттиришга қарор қилган.
Тожикистон расмийлари кўриб чиқилаётган ишларнинг махфийлигини баҳона қилиб, суд жараёни тафсилотларини ошкор қилмаяпти. Айбланувчиларнинг яқинлари суд жараёнининг бориши ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини айтишган.
Аввалроқ Тожикистон Бош прокурори Юсуф Раҳмон Зарифи, Искандаров, Комилзода ва Ҳакимовлар ҳокимиятни зўравонлик йўли билан эгаллаб олишга уринганликда айбланиб, 2024 йил июнида ҳибсга олинган Саиджафар Усмонзода билан «яқин алоқада бўлган»ини айтиб берганди.