Қозоғистон Мажилиси (парламент қуйи палатаси) депутатлари Жиноят кодексига келин ўғирлаш учун жазо чоралари киритишни таклиф қилишди. Ўзгартиришлар яқин орада қабул қилиниши режалаштирилган. Бу ҳақда депутат Мурат Абенов маълум қилди, деб хабар беради Vlast.kz.
Унинг сўзларига кўра, таклиф ҳозирда Жиноят, Жиноят-ижроия ва Жиноят-процессуал кодексларини оптималлаштириш бўйича ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилмоқда. Янги моддада вазиятга қараб турли жазо чоралари кўзда тутилган: жарима, жамоат ишлари ва қамоқ.
«Агар бир гуруҳ шахслар томонидан, вояга етмаган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, бирор бир зарар етказилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади. Агар хоҳишига қарши уйда сақласа, психологик ва жисмоний босим ўтказилса, қонун жабрланувчи томонида бўлиши керак», — деди Абенов.
Унинг қўшимча қилишича, келин ўғирлаш баъзан «урф-одат» сифатида ниқобланади, лекин аслида бундай эмас. «Аслида бизда бундай анъаналар бўлмаган. Қизнинг ўзи турмушга чиқмоқчи бўлса, лекин ота-онаси рози бўлмаса, у ҳолда қиз қочиб кетган. Ота-онасининг моддий имконияти бўлмаганида, у қочиб, ўзи турмушга чиқиб кетган. Қозоқларда ҳеч қачон қабиладан қиз ўғирлаш одати бўлмаган. Бу ўлим жазосига қадар таҳқир ҳисобланган. Қизнинг иродасига қарши уни ўғирлаш — бу ҳар доим оғир жиноят бўлиб келган», — деди Мажилис аъзоси.
Қозоғистон жиноий қонунчилигида ҳалигача келин ўғирлаш бўйича алоҳида модда йўқ. Республикада бундай ишлар бўйича айбланувчилар одатда одам ўғирлаш моддаси бўйича судланадилар, бу моддада 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган (аммо унда ўғирланган шахсни ўз ихтиёри билан озод қилган шахс, агар унинг ҳаракатларида бошқа жиноят таркиби бўлмаса, жавобгарликка тортилмайди деган банд бор).
2018 йили Олмаотада уйланиш учун ўғирлаб кетилган 18 ёшли қиз уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан озод қилинган эди.
Бир йил аввал Ақтўбедаги маҳаллий бозорда ўзига ёққан нотаниш одамни ўғирлаб кетмоқчи бўлган икки йигит устидан шов-шувли суд ниҳоясига етганди. Бозор қўриқчиси қизни қутқариб, йигитларни қўлга олишга ёрдам берган. Суд «омади чопмаган» куёвни 4 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилган. Ўғирлашда иштирок этган дўсти муқаддам судлангани учун беш йил муддатга қамалган.
2023 йили Тараз суди Мангистау ва Ақтўбе вилоятларида туғилган икки эркакни келин ўғирлашда айблаб, ҳар бирини етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди.