UPD. «Илон Маск Қозоғистон бюджетини оптималлаштиришни таклиф қилди» хабари Серик Жумангарин матбуот хизматининг аниқлик киритганидан сўнг тузатилди, зеро Маскнинг бюджет харажатларини оптималлаштириш ғоясини вазирга тадбиркорнинг ўзи эмас, балки «бошқа шахс» таклиф қилган. «Бу ҳақда парламентдаги брифингда айтилди. Тушунмовчилик айнан сўзлашув нутқи туфайли юзага келган», — дея қўшимча қилади матбуот хизмати.
Қозоғистон ҳукумати АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаментини (DOGE) бошқараётган америкалик тадбиркор Илон Маск мисолида бюджетни оптималлаштириши мумкин. Бу ҳақда Сенат йиғилишида миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин маълум қилди, деб ёзади Kursiv.kz.
Вазирнинг сўзларига кўра, айни пайтда вазирлик ижтимоий блокни таҳлил қилиш билан шуғулланмоқда, чунки бу соҳадаги харажатлар республика бюджетининг 37,5 фоизини ташкил қилади.
«Яширмайман, жаноб Илон Маск менга ҳозирда Трамп администрациясида олиб борилаётган ишларни бажариш ғояси билан мурожаат қилди. У ерда оптималлаштириш бўлими бор. У ўз хизматларини таклиф қилди ва баъзи фикрлари борлигини айтди. Мен уни таклиф қилдим, келинг, бирга ишлаймиз, ишчи гуруҳ тузамиз, дедим. Агар сиз кесишингиз мумкин бўлган баъзи нарсаларни кўрсангиз... Лекин ижтимоий бюджетни қисқартириш жуда қийин», — деди Жумангарин.
Миллий иқтисодиёт раҳбари тадбиркорга Қозоғистон ижтимоий давлат эканини эслатган. «Ижтимоий бюджет — бу ерда (Қозоғистон Республикасида – таҳр.изоҳи) ҳар бир кишини англатади. Булар кўп болали оналар, булар болалар, булар кексалар, булар пенсионерлар. Мен Маскга айтдим, бошқа турдаги бюджетларга қаранг. Агар улар оқилона бўлса ва оддий одамга таъсир қилмаса, биз қисқартиришга умуман қарши эмасмиз», — деб ишонтирди вазир.
Бугунги ялпи мажлисда Қозоғистон Сенати спикери Маулен Ашимбаев ҳам бюджетнинг самарасиз харажатларини қисқартириш зарурлиги ҳақида гапирди. Бунинг учун, дейди у, икки йўл бор: ҳукумат таклиф қилаётган солиқ ислоҳотлари орқали даромадларни кўпайтириш ва бюджет балансини сақлаш учун харажатларни қисқартириш. «Бу нафақат бюджетни тўлдиришга, балки ижтимоий харажатларни ҳам молиялаштиришга имкон беради», — дея хулоса қилди Ашимбаев.
Ишбилармон Илон Маск АҚШнинг янги ташкил этилган Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари этиб тайинланди. Департамент давлат органлари бюджетларини қисқартириш, уларнинг самарадорлигини таҳлил қилиш, норационал ва самарасиз харажатларга барҳам бериш билан шуғулланади. Маск яқинда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) тугатилиши бошланганини эълон қилди. Бугун АҚШ ижроия ҳокимияти Американинг Politico, The New York Times ва Associated Press ахборот агентликларини молиялаштиришни тўхтатаётгани маълум бўлди.