Тожикистонда парламент сайловлари ЕХҲТ кузатувчиларисиз ўтади

asiaplustj.info сайти фотосурати

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) миссияси кузатувчилари Тожикистондаги парламент сайловларида ишламайди. Бунга республика расмийлари томонидан аккредитация берилмагани сабаб бўлмоқда, дейилади ЕХҲТ сайтида.

Матбуот хабарида қайд этилишича, парламент қуйи палатасига 2 мартга белгиланган сайловни кузатиш бўйича миссия 22 январь куни Душанбеда очилган. Аммо экспертлар ўз вазифаларини бошламаган, чунки Тожикистон расмийлари ДИИҲБ ёки бошқа халқаро ташкилотларнинг овоз бериш жараёнини кузатишига ҳеч қандай кафолат бермаган.

Сайловга бир ойдан камроқ вақт қолган ва аккредитация масаласи ҳалигача ноаниқлигича қолмоқда. Бу ҳолат ЕХҲТни жараёнда иштирок этишдан бош тортишга мажбур қилади, дейди ДИИҲБ директори Мария Телалян.

Шунга қарамай, экспертлар республика парламентига бўлиб ўтадиган сайловларга дастлабки баҳо беришган. Улар сайлов бошқаруви органларининг мустақиллиги ва холислиги, жараённинг шаффофлиги ва адолатлилигидан хавотир билдиришган. Таъкидланишича, сўз, уюшмалар ва йиғилишлар эркинлиги ҳуқуқларига риоя қилиш билан боғлиқ вазиятнинг ёмонлашиб бораётгани жараёнга салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу муносабат билан ДИИҲБ 20 нафар узоқ муддатли кузатувчи ва 150 нафар қисқа муддатли кузатувчини жалб этишни мақсад қилган. Аммо якунда ташкилот ўз режаларидан воз кечишга мажбур бўлган.

Бироқ, матбуот баёнотида айтилишича, ДИИҲБ демократия ва инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш масалаларида Тожикистонга ёрдам беришда давом этади. Бюро сайловда ўз ваколатига ва белгиланган методологияга мувофиқ шартлар рухсат этилганда иштирок этади.

ℹ️ Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 2024 йил 4 декабрда Мажлиси Оли (парламент қуйи палатаси) Вакиллар палатасига сайлов ўтказиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжатда овоз бериш 2025 йил 2 мартда ўтказилиши кўзда тутилган.

Қуйи палата 63 депутатдан иборат. Улар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланади. Шу билан бирга, 22 нафар вакил пропорционал тизим бўйича, яна 41 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича аниқланади. Депутатларнинг ваколат муддати — беш йил.

Тожикистон парламенти юқори палатасига сайловлар жорий йилнинг 28 мартига белгиланган.