Ўзбекистоннинг чегарадош ҳудудларида 21 та кўп тармоқли поликлиника қуриш зарур. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев 7 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилди, деб хабар беради унинг матбуот хизмати.
Клиникалар нафақат чегарадош аҳоли учун тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятларини яхшилайди, балки мамлакатга кўпроқ хорижий сайёҳларни жалб қилади. Учта давлат билан чегарадош, еттита божхона постига эга, лекин чегарада бирорта ҳам клиникаси йўқ Тошкент вилоятига алоҳида эътибор қаратиш топширилди. Худди шундай ҳолат Наманганда ҳам кузатилмоқда.
Президент Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида жойлашган «Айритом» халқаро савдо зонасида очилган хусусий клиника 15 минг нафар чет эл фуқаросига хизмат кўрсатганини таъкидлади. Ўтган йили қўшни давлатлар билан чегара пунктлари яқинида жойлашган 60 та шифохонада 300 мингдан ортиқ аҳолига тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ўтган йили «Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги» дастури бошланган. Жарроҳлик, дерматология, эндокринология марказлари чет эллик фуқароларга хизмат кўрсатишдан 1 миллион долларгача маблағ тушираётган бўлса, 18 та илмий марказда хизматлар экспорти 300 минг долларга етмаган.
Шу муносабат билан 24 та ихтисослашган марказнинг тиббий хизматлар экспортини 30 миллион долларга етказиш, Осиё тараққиёт банки билан 5 та ихтисослашган марказни хусусий бошқарувга берилишини тезлаштириш муҳимлиги қайд этилди.
Президентнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон туризм хизматлари экспортидан ўтган йилги 3,5 миллиард доллардан кўпроқ даромад олишга қодир. Нақшбандия тариқатига 7 миллионга яқин эътиқод қилувчи Малайзия ва Индонезиядан зиёратчиларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилади. Улар учун Умрага боришдан олдин Самарқанд ва Бухородаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш имконини берувчи махсус «Умра Плюс» туристик пакети ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, ҳукумат кўплаб концертлар, кўргазмалар, бизнес-форумлар ўтказиш орқали Шаҳрисабз, Хива, Бухоро ва Тошкент каби сайёҳлик марказларида маданий ҳаётни фаоллаштириш ниятида. Мутасаддиларга ушбу шаҳарларга камида 1 миллион сайёҳни жалб этадиган тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш топширилди.