Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳукуматга хизматлар ва жараёнларни рақамлаштириш билан боғлиқ ислоҳотлар бўйича ҳар бир вазир ва ҳоким учун индивидуал KPI (фаолиятнинг асосий кўрсаткичлари) белгилаш бўйича топшириқ берди. Масъул мутасаддилардан ҳам топшириқларни бажаришда аниқ муддатларга қатъий риоя қилиш талаб этилади, дея аниқлик киритди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Жумладан, республика раҳбари Туризм қўмитаси туристлар меҳмонхона, дам олиш масканларини брон қилиш, авиа ва темир йўл, музей, театрга чипта сотиб олиш, гид ва таржимонларни ёллаш каби хизматларни масофадан туриб олиш имконини берадиган ягона платформани ишга тушириш вазифасини мисол тариқасида келтирди. Шу билан бир қаторда, Ташқи ишлар ва Адлия вазирликлари Ўзбекистонга кириш учун уч кун ичида электрон визалар бериш имкониятини яратиши керак.
Мирзиёев хизмат кўрсатиш соҳасида рақобатбардошликни ошириш соҳаларни рақамлаштириш даражасига бевосита боғлиқлигини таъкидлади.
Бироқ, амалдорларнинг барчаси ҳам жараён аҳамиятини тушуниб етмаган. Шундай қилиб, олти ойдан ортиқ вақтдан бери Транспорт вазирлиги йўловчи ташишнинг барча турлари учун чипталарни онлайн харид қилиш имконини берувчи тизимни ишга тушира олмаяпти. Кўчмас мулк манзилларининг ягона реестрини яратишни кескин тезлаштириши зарур бўлган Кадастр агентлиги ҳам ўз ишини ёмон олиб бормоқда.
«Қайси раҳбар рақамлаштиришни кечиктирса – очиқлик сиёсатимизга қарши чиққан бўлади», — деди президент.
Йиғилишда аҳолига хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Мирзиёев таъкидлаганидек, сўнгги уч йилда 27 турдаги давлат хизматлари хусусий секторга топширилди. Масалан, Давактив агентлиги риэлтор ва баҳоловчини имтиҳондан ўтказиш, тоифа беришни, Туризм қўмитаси гидларга малака сертификати бериш хизматини, Агросаноат инспекцияси қишлоқ хўжалиги ва махсус техникаларни мажбурий кўрикдан ўтказишни хусусий секторга бериши мумкинлиги таъкидланди
Шу муносабат билан мутасаддиларга 1 мартга қадар 11 та, 1 октябргача яна 18 та давлат хизматини хусусий секторга бериш чораларини кўриш топширилди.
Умуман олганда, Президент таъкидлаганидек, хизмат кўрсатиш соҳаси яхши натижаларни кўрсатмоқда. Йил якунига кўра, хизматлар ҳажми 82 миллиард долларни (ўсиш 15 фоиз), экспорт — 8,5 миллиард долларни ташкил этди. Айниқса, IT, молиявий хизматлар, туризм, авиация, таълим ва тиббиёт соҳаларида «катта сакраш» юз берди.